Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини самарали амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.
Шунга мувофиқ, банк таъсисчилигида МЧЖ шаклидаги “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” тузилди. Жамғарма ҳузурида худудларда 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” ташкил этилди. Мазкур марказлар орқали танлаб олинган ташаббускорлар бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишида қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курсларида ўқитилади.
Термиз шаҳрида банк Ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари учун “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”га Пресс тур ўтказилди.
Фото: Бизнесни ривожлантириш банки
Иштирокчилар марказда ташкил этилган тадбиркорликка ўқитиш жараёни билан танишдилар. Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби мутахассислари олиб бораётган ўқув курсларида тадбиркорлар, оилавий тадбиркорлик дастурларида муваффақиятли қатнашган жисмоний ва юридик шахслар иштирок этмоқда. Уларга “Бизнесга кириш”, “Бизнесни режалаштириш”, “Бозорда рақобат муҳити”, “Истеъмолчиларни аниқлаш ва уларнинг талабини ўрганиш”, “Маркетинг маҳсулотларини самарали сотиш” каби мавзуларда машғулотлар ўтказилмоқда. Ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, сертификат олган ташаббускорлар Дастур доирасидаги қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланади.
Кичик бизнесга кўмаклашиш марказларида ўқитиш жараёнидан ташқари бизнес режа ишлаб чиқиш, кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, лойиҳаларни молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, тадбиркорлар лицензия, рухсатнома ва сертификатлар олиш, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, экспорт ва импорт операциялари, шартномаларни расмийлаштириш, давлат харидларида иштирок этиш масалалари бўйича консультатив қўллаб-қувватланади. Уларга тадбиркорлик фаолияти йўйича амалдаги имтиёз ва преференциялар, мавжуд бошқа енгилликлар ва имкониятлар бўйича маълумот ва маслаҳатлар берилади.
Сурхондарёдаги марказ томонидан 2024 йилда микробизнесни қўллаб-қувватлаш орқали 1200 та субъектни кичик ва ўрта бизнесга ўтказиш, 1300 нафар тадбиркорнинг ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, 450 нафар тадбиркорнинг билим ва кўникмаларини шакллантириш ишлари амалга оширилади.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан келгусида Кичик бизнесга кўмаклашиш марказларидаги ўрта муддатли офлайн амалий ўқув курсларини Япониянинг Ямагата университети ҳузуридаги “Тадбиркорлар учун таълим ва тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Банк матбуот хизмати
Тасодифий хабарлар
Давлат банкларини ислоҳ қилиш устувор вазифа бўлиши керак — ХВЖ миссияси баёноти
Май ойида жами муаммоли кредитлар қарийб 128 млрд сўмга камайган
Имтиёзли кредитларнинг 19 фоизини муаммоли кредитлар ташкил қилиши мумкин