Тинькофф банкнинг собиқ раҳбари Капиталбанкка ишга кирди

Тинькофф банкнинг собиқ раҳбари Капиталбанкка ишга кирди

Фото: Ведомости

"TCS Group" компанияси (Тинькофф банкнинг холдинг гуруҳи) собиқ раҳбари Оливер Хьюз Капиталбанкка ишга қабул қилинди, деб хабар бермоқда "Ведомости" нашри. Топ-менежер банкнинг молиявий маркетплейсини ривожлантиришга раҳбарлик қилади. “Депозитлар бўйича юқори, яъни 10% дан ортиқ фоиз ставкаларини ҳисобга олсак, молия бозорининг салоҳияти бошқа молиявий бизнес йўналишларидан, масалан, брокерликдан юқори”, — дея қўшимча қилади манба. Хьюзнинг маоши ҳақида гапирар экан, маннба уни "етарлича кўп"лигини айтган, шунингдек ушбу янгилик бўйича Хьюздан изоҳ олишнинг иложи бўлмаганлигини қўшимча қилган. Bankers.uz'нинг Капиталбанкдаги манбаларининг таъкидлашича, Оливер Хьюз Капиталбанкка аниқроғи Uzum экотизимига ишга ёлланган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрь ойида Грузиянинг "TBC Group PLC" компаниялар гуруҳи Хьюзни халқаро операциялар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланганини ва уни банк ижроия органи аъзосига айланганини эълон қилганди. Ўшанда Хьюз TBC Bank Ўзбекистонда аллақачон “ажойиб финтех бизнесига” эга эканлигини таъкидлаб, “Ўзбекистонда катта имкониятлар мавжудлиги ва бу рақамли банк стратегияси келажакда бошқа халқаро бозорларда ҳам қўлланилиши мумкин”лигини айтганди. Катта эҳтимол билан Тинькофф банкининг собиқ топ-менежери ҳам Грузия, ҳам Ўзбекистон банкларида иш олиб боради, деб таъкидлаган манбалардан бири.

Маълумот учун: Оливер Хьюз кўп йиллар давомида Россияда банк ва финтех соҳасида фаолият олиб борган, у 2007-2021 йилларда Тинькофф банкни бошқарган, шундан сўнг у Станислав Близнюк билан алмаштирилган. Хьюз "TCS Group"да бош ижрочи директор (бош директор) сифатида қолган бўлса-да, кейинчалик компания яна бир ижрочи директор сифатида Роснефтнинг собиқ вице-президенти Павел Федоров ёллаган эди.

"Капиталбанк" Ўзбекистондаги активлари бўйича 10 та етакчи банк қаторига киради ва жами 1,674 миллион мижозга хизмат кўрсатади. Банк активлари учинчи чорак якунига кўра 36,8 триллион сўмни (3 миллиард доллар) ташкил этди, бу 2022 йил охирига (28,9 триллион сўм ёки 2,4 миллиард доллар) нисбатан 27 фоизга кўпдир. "Капиталбанк"нинг учинчи чоракдаги соф фойдаси 1,128 триллион сўмни (92 миллион доллар) ташкил этган.

×