Apex Bank ҳамда Alibaba.com компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Apex Bank ҳамда Alibaba.com компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Фото: Apex Bank

Бугун Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети конференциялар залида "Ўзбекистоннинг "B2B" онлайн экспортини ривожлантирамиз" мавзусида "Alibaba.com" экспорт-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда "Alibaba.com" компанияси раҳбарияти вакиллари, шунингдек ушбу платформа хизматларидан фойдаланувчи Ўзбекистонлик экспортер корхоналар вакиллари билан бир қаторда, ушбу йўналишда асосий ҳамкор банк сифатида "Apex Bank" АЖ бошқаруви раиси Баҳром Нўъмонов иштирок этди.

“Alibaba.com”нинг глобал операцион маркази бош раҳбари (вице-президенти) Жеймс Чжаннинг маълум қилишича, ҳозирги кунда 150 га яқин корхона “Alibaba.com” платформасида халқаро электрон савдо орқали ўз маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилмоқда. Сервис ҳамкорнинг асосий мақсади - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Экспортни рағбатлантириш агентлиги билан бирга экспортчиларни жалб қилиш ҳамда “Alibaba.com” халқаро платформаси орқали фаолият юритишда техник жиҳатдан онлайн савдони йўлга қўйишда яқиндан кўмаклашишдир.

Анжуманда "Apex Bank" АЖ бошқаруви раиси Баҳром Нўъмонов ҳам сўзга чиқди ва банк фаолияти ҳамда "Alibaba.com" платформаси билан йўлга қўйилиши кўзда тутилаётган ҳамкорлик режалари билан ўртоқлашди.

Хусусан, Б.Нўъмоновнинг маълум қилишича, банк дастурий таъминот ва моддий-техник жиҳатдан мижозларга хизмат кўрсатишга тўлиқ тайёр бўлиб, бугунги кунга қадар бир нечта мижозга синов тариқасида хизмат кўрсатишни бошлаган. Банк рақамли банк режимида ишлаш билан бир қаторда, мижозлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, классик банк хизматлари кўрсатишни ҳам истисно этмаслиги маълум қилинди.

Тадбир давомида "Apex Bank" АЖ ҳамда “Alibaba.com” ўртасида ўзбекистонлик экспортерларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни назарда тутувчи меморандум имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди. "Apex Bank" АЖ бошқаруви раиси Баҳром Нўъмоновнинг маълум қилишича, банк ўз маҳсулотларини ушбу платформа орқали сотишни режалаштирган тадбиркорлик субъектларига кенг турдаги ва индивидуал ёндошилган банк хизматларини кўрсатишни режалаштирган. Ушбу хизматлар ҳисобварақларга имтиёзли хизмат кўрсатишдан тортиб аккредитив операцияларигача хизматларни ўз ичига олади.

×