Бретт Кингнинг "Банк 4.0" китоби ўзбек тилида нашр қилинди

Бретт Кингнинг "Банк 4.0" китоби ўзбек тилида нашр қилинди

Фото: Asaxiy Books

Машҳур футуролог-олим Бретт Кингнинг "Bank 4.0: Banking Everywhere, Never at a Bank" китоби ўзбек тилида нашр қилинди. Китоб "Банк 4.0. Доим сиз билан — ҳозир ва шу ерда" номи билан чоп этилан. Китоб келажак банки қандай бўлиши кераклиги, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида гапиради. 

"Банк 4.0" китоби ўқувчини банк ва финтех йўналишида янги воқелик ва унинг ақл бовар қилмас истиқболлари билан таништиради. Китоб нафақат молия ҳақида сўзлайди, унда инсоният келажагининг илғор манзараси фантастик йўсинда тасвирлаб берилган. Эътиборлиси, Бретт Кинг ўз китобида тилга олган ўзгаришлар асло хом-хаёл эмас, уларнинг кўпчилиги аллақачон амалга ошмоқда.

"Банк 4.0" банк ишида рўй бераётган туб ўзгаришларни ўрганади ва ундан мантиқий хулосага келади. 30 ёки 50 йилдан кейин банк иши қандай бўлиши, дунёнинг энг яхши банклари ўзгарувчан истеъмолчи хатти-ҳаракатларига мослашишга мажбур бўлганлиги мисоллар билан тасвирлаб берилган. Дунё мамлакатларида регуляторлар келишмовчилик, лицензиялаш ва тартибга солишни қайта кўриб чиқаётганлиги, финтех стартаплари ва технология гигантлари банк иши истеъмолчиларнинг кундалик ҳаётига қандай мос келишини қайта белгилаётганлиги ёритилган.

Энди банклар "омон қолиш" учун янги имкониятлар, янги иш ўринлари ва янги кўникмаларни ривожлантиришлари кераклиги, уларнинг келажаги нафақат қимматли қоғозлар, тўловлар ва кредит ёрдам дастурлари ҳақида янгича фикрлашдан иборат бўлмаслиги тушунтирилган.

Китоб бевосита Халқ банки молиявий кўмагида чиқарилган бўлиб, унинг аввалида АТ "Халқ банки" бошқаруви раиси Шуҳрат Атабаевнинг "Тўртинчи авлод банки остонаси" сарлавҳали кириш сўзини ўқиш мумкин.

Китобни қуйидаги ҳавола орқали буюртма бериш имконияти мавжуд.

×