Ўзсаноатқурилишбанк бренд амбассадор жалб этишни режалаштирмоқда - у Конста бўлиши мумкин

Ўзсаноатқурилишбанк бренд амбассадор жалб этишни режалаштирмоқда - у Конста бўлиши мумкин

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Ўзсаноатқурилишбанк бир йиллик муддатга таниқли санъаткорни бренд амбассадор сифатида жалб этишни режалаштирмоқда. Мазкур хизматни сотиб олиш учун тегишли танлов эълони etender.uzex.uz платформасига жойлаштирилган.

Танловнинг техник талабларига кўра, таниқли санъаткор - бренд амбассадорнинг номидан ва унинг шахсидан банк маҳсулотларини тарғибот этишда фойдаланиш имкони мавжуд бўлиши, 365 кун давомида Бренд амбассадор шахсни 4 марта фото ва видео сессия олиш ҳамда расмга олинган фото ва видео файлардан банк хизматларини тарғибот қилиш учун фойдаланиш ҳуқуқи бўлиши лозим.

Банк шунингдек, бренд амбассадор 35 ёшгача бўлиши ва рэп йўналишида ижод қилаётган бўлиши кераклигини қайд этган. Бундан ташқари, бренд амбассадорнинг ижтимоий тармоқларда (Instagram, Facebook, YouTube) ўз саҳифаларига эга бўлиши 500 000 (беш юз минг) кўришлар ва ижтимоий тармоқларда жами 150 000 (бир юз эллик минг) дан кам бўлмаган обуначиси мавжуд бўлиши талаб қилинган.

Қўйилган шартлардан яна бири санъаткор ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида банк хизматлари бўйича 12 та дан кам бўлмаган эълон (reels, пост) жойлаштириши, 2023 йилда 5000 тадан кам бўлмаган томошабинга ўзининг яккахон концерт дастурини ўтказиши, 2023 йилда ўтказиладиган концерт дастурида банк бренди ва хизматларини тарғибот этиши ҳамда банк томонидан ўтказиладиган 3 та дан кам бўлмаган тадбирларда иштирок этиши кўрсатилган.

Қайд этиш мумкинки, ўзбек рэпери Конста (Шарифжон Абдуллаев) ўзининг Instagram саҳифасида бу йил 25 ноябрда бериладиган "Одамлар уча олар" номли концерти постерида "SQB" логоси туширилган.

Фотоскрин: instagram.com/konsta_uz

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Якуббоев Ўзсаноатқурилишбанк билан ҳамкорлик ўрнатгани ва банкнинг бренд амбассадорига айлангани маълум қилинган эди.

×