Фото:brb.uz
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Франция Республикаси Президенти Эмманюэль Макроннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давомида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция ишбилармонлари бизнес форуми доирасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида 30 млн евро миқдоридаги кредит маблағлари ажратишни назарда тутувчи ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Келишув шартларига биноан, томонлар ўртасида ўзаро манфаатли масалалар, хусусан, аёллар тадбиркорлиги, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ўзаро муносабатларни ривожлантириш ва шу билан бирга “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ тизимида ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш каби йўналишлар бўйича стратегик ҳамкорлик ўрнатилиши назарда тутилган.
Франция тараққиёт агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлигига Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг ноябрь ойида Парижга бўлган расмий ташрифи чоғида асос солинган. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида 2025 йилгача бўлган стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди. Дастурга мувофиқ қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти, банк-молия сектори ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Маълумот учун: FAR 1941 йилда ташкил этилган давлат молия институти бўлиб, бош қароргоҳи Парижда жойлашган. 85 та хорижий ваколатхоналарга эга ташкилот фаолияти Франциянинг хориждаги ҳудудларида ва 115 та давлатда иқлим ўзгариши, биологик хилма-хиллик, гендер тенглиги, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда тўрт мингдан ортиқ лойиҳани амалга оширишга кўмаклашишга қаратилган.
Тасодифий хабарлар
Ипак Йўли банки бошқаруви раисига янги ўринбосарлар тайинланди
Инфинбанк I ярим йилликдаги соф фойдани тақсимлашни режалаштирмоқда
Тошкентда қарийб 5 минг евролик сохта тангалар муомалага киритилгани аниқланди