Агробанк “Сувчилар мактаби” лойиҳаси бўйича ҳисобот тадбирини ўтказди

Агробанк “Сувчилар мактаби” лойиҳаси бўйича ҳисобот тадбирини ўтказди

Фото: Агробанк

Маълумки, Президентнинг бевосита ташаббуси билан жорий йилнинг 29 май санасида Агробанк, Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамкорликда “Сувчилар мактаби” ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилди ва бугунги кунда ҳам амалга оширилмоқда.

Ўтган ҳафта якунида ушбу лойиҳа бўйича Агробанк Тошкент вилоятига пресс-тур ташкиллаштирди. Пресс-турда ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этдилар.

Фото: Агробанк

Тадбирда қайд этилишича, мактабни ташкил этишдан асосий мақсад - сувдан фойдаланувчилар (хусусан деҳқон ва фермерларни) сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва шу орқали юқори ҳосилдорликка эришиш, инновацион технологияларни қўллаш бўйича билим ва кўникмалар бериш ҳисобланади. Лойиҳани амалга оширишда, жумладан, мактаб дастури (концепцияси)ни ишлаб чиқишда Туркия, Испания, Хитой давлатлари тажрибалари ўрганилди, шунингдек, фермерлар ўртасида сўровнома ўтказилди. Ишлаб чиқилган махсус “handbook”да соҳадаги асосий назарий билимлар, шунингдек хориж (Туркия) тажрибаси ёритиб берилди ва амалий дарслар билан уйғунлаштирилди.

“Сувчилар мактаби”нинг 1-босқичига ҳозирга қадар 154 та туманда жами 60 330 нафар фермер ва сувчи (шундан 56 633 нафар фермер хўжалиги раҳбари ва сувчилари, 4 350 нафар махсус хизмат мироблари ва 2 347 нафар банк ходимлари) жалб қилиниб малакалари оширилди.

Ўқув курслари учун 5 та сайёр микроавтобуслар олинди. Лойиҳага жами 50 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари (ш.ж., 15 нафар туркиялик, 2 нафар испаниялик) жалб қилинди.  Курслар атрибутлар (кепка, футболка ва ҳк), дарслик ва тарқатма материаллар билан таъминланди, кофе-брейк ва тушлик тадбирлари ташкил этилди.

Фото: Агробанк

Маълум қилинишича, 2024-2030 йилларда 2-босқичда 60 мингга яқин (ҳар йили 8500 нафар) фермер хўжаликларини сертификатлаш бўйича 1 ҳафталик ўқув курсларини ташкил этилади. Жорий йил якунига қадар Республиканинг 13 та ҳудудида “Сувчилар мактаби” ўқув бинолари ҳамда хусусий шериклар билан ҳамкорликда илғор сув тежовчи технологиялар қўлланилган тажриба майдонлари ташкил этилади.

Ўқув дастурларни хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, шунингдек, ўқув дастурларини хорижий (Туркия, Испания, Хитой) давлатлар тажрибалар асосида ишлаб чиқиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича видео дарсликлар тайёрланиб,  платформа орқали онлайн курслар йўлга қўйиш режалаштирилган.

Банк томонидан сув тежовчи технологиялар жорий қилиш бўйича ажратиладиган кредитларни 2024 йилдан бошлаб махсус suvkredıt.uz платформаси орқали бериш йўлга қўйилади. Бунда кредит ажратиш онлайн масофадан амалга оширилади. Жалб қилинган профессор-ўқитувчиларни хорижий мамалакатларда малакалари ошириб борилади.

Банк матбуот хизмати ва пресс-турдаги маълумотлар асосида тайёрланди

×