Марказий банк бир ой олдинги ҳисоботларни эълон қилмади, бу айрим банкларда капитал талабларининг бажарилмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин

Марказий банк бир ой олдинги ҳисоботларни эълон қилмади, бу айрим банкларда капитал талабларининг бажарилмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин

Фото: senat.uz

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз расмий веб-сайтида жорий йил август ойи якуни бўйича статистик ҳисобот маълумотларини эълон қилмади. Бунга бир нечта ижтимоий тармоқ фаоллари эътибор қаратган. Қайд этилишича, статистик маълумотларни эълон қилиш тақвимига кўра, ойлик ҳисоботларни сўнгги жойлаштириш муддати этиб кейинги ойнинг 25-санаси кўрсатилган.

Бироқ, бугун октябрь ойининг 3-куни бўлишига қарамасдан, 1 сентябрь ҳолатига (август ойи якунлари бўйича) банк тизими фаолияти кўрсаткичлари эълон қилинмасдан қолмоқда. МБ сайтининг тегишли саҳифасида сўнгги ҳисобот маълумотлари эълон қилинган ой сифатида августни кўриш мумкин (изоҳ: августда июль ойи якуни ҳисоботлари эълон қилинган).

Марказий банк сайтининг банк тизими кўрсаткичлари эълон қилинадиган саҳифаси / Скриншот: cbu.uz

Иқтисодчи Отабек Бакиров 1 сентябрь ҳолатига 5 та банк устав капиталини қонун билан белгиланган энг кам миқдорда шакллантира олмаганлигини айтган ва ушбу банклар номи ҳисобот маълумотларида очиқ эълон қилиниши лозимлиги ҳамда мазкур банкларга нисбатан қонунда белгиланган барча ҳаракатларни, хусусан лицензиясини чақириб олишгача бўлган чораларни кўриши мумкинлигини маълум қилган. Иқтисодчининг қайд этишича, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунга кўра, банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги қўпол қоидабузарлик ҳисобланади ва бунинг учун Марказий банк лицензияни чақириб олишга ҳақли.

Bankers.uz манбаларининг аниқлик киритишича, 2023 йил 1 сентябрь ҳолатига устав капиталининг белгиланган минимал миқдори - 200 млрд сўмни шакллантирмаган банклар сони 6 тани ташкил қилади, улар - "Пойтахт банк" АЖ, "AVO Bank" АЖ, "Мадад Инвест банк" АТБ, "Содерот банк Эрон" шунингдек, очилганига кўп бўлмаган "Yangi bank" АЖ ҳамда "Hayot Bank" АЖлардир. Таҳририят ушбу банклар билан боғланмоқда. Хусусан, "Hayot bank" АЖ раҳбарияти вакили ҳақиқатан ҳам 1 сентябрь ҳолатига устав капитали 150 млрд сўм бўлганини, бироқ бугунги кун ҳолатига устав капитали минимал миқдори тўлиқ шакллантирилиб, 200 млрд сўмга етказилганини билдирди.

Шунингдек, "Yangi bank" АЖ бошқаруви вакили 1 сентябрь ҳолатига чиндан ҳам банк устав капитали 100 млрд сўмни ташкил қилганини, бироқ сентябрь ойининг 20-санасига қадар яна 100 млрд сўм акциялар жойлаштирилиб, минимал устав капитали тўлиқ шакллантирилганини билдирди.

Bankers.uz вазиятга бўйича бошқа тегишли банклар вакилларига боғланишга ҳаракат қилади ва қўшимча маълумот бериб боради.

×