Фото: Octobank
Янги Ўзбекистон газетасининг 2023 йил 27 сентябрдаги 197-сонида иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Искандар Турсуновнинг \"Жозибадор ва рақобатбардош банк тизими - унга эришиш учун катта мақсадлар кўзланган\" номли мақоласи чоп этилди. Bankers.uz ушбу мақола матнини тўлалигича эътиборингизга тақдим этади.
Янги Ўзбекистон газетасининг 197-сонидан парча
Юксак тараққий этган давлатлар ;иқтисодиётига назар ташласангиз, ;уларнинг банк тизими ;барқарорлигига гувоҳ бўласиз. Негаки, ;бу ;тизимни ривожлантирмасдан ;туриб, иқтисодий ўсишга эришиб бўлмайди. Агар бутун иқтисодий ;секторни яхлит тирик организм деб ;тасаввур этсак, банкни унинг муҳим ;аъзоси – жигарга қиёслаш мумкин. ;Чунки жигар бутун организмни ;янги қон билан таъминлагани каби, ;банклар ҳам иқтисодий сектордаги ;лойиҳаларни амалиётга татбиқ ;этиш учун донорлик вазифасини ;бажаради. Бошқача айтганда, ;ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ;моддий жиҳатдан таъминлаш, ;пулдан самарали фойдаланиш ;механизмидир.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек тарихий тараққиётга эришиш мақсадида барча соҳа ва тармоқлар каби банк тизимини жадал ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни йўналишда қисқа вақтда эришилган натижалар эътиборга молик. Бинобарин, валюта бозорининг эркинлаштирилиши натижасида параллел бозор (қора бозор) курсига барҳам берилди ва валюта курсининг барқарорлиги таъминланди. Бу эса валюта операцияларини эркин амалга оширишда интернет ва онлайн банкинг хизматларидан фойдаланиб, уйдан чиқмаган ҳолда валютани харид қилиш имкониятини яратди.
Ҳамюртларимиз бугун пластик карталаридаги пулини нақдлаштириш учун бирорта “ҳожатбарор”га маълум фоизда ҳақ тўламаяпти ёки кунлаб навбатда турмаяпти.
Аслида, бу каби ўзгаришлар юртдошларимиз учун катта қулайлик яратаётгани бор гап. Лекин бу билан банк тизими барқарор иқтисодиётга тиргак бўлиш қувватига эга бўлиб қолмайди. Ҳозирда бунинг учун банкларни хусусийлаштириш жараёни кетмоқда.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида банк тизимини ривожлантиришга доир устувор мақсад ва вазифалар белгиланганки, бу мамлакатимизда фаолият юритаётган банкларнинг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Жумладан, стратегияда давлат ва жамиятнинг деярли ҳамма бўғинига доир ривожлантириш тамойиллари ва мақсадлари акс этган, уларга эришиш йўллари белгилаб олинган.
Иқтисодиётнинг асосий ва ажралмас бўғини ҳисобланган банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизматлари бозори ҳажмини ошириш, соҳада рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича ҳам қатор вазифа ва мақсадлар белгиланган. Уларга эришиш бугунги кундаги банк тизимини бутунлай янги даражага олиб чиқади.
Хусусан, биринчи мақсад сифатида банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, банк омонатлари ҳажмини 4 баробар ошириш белгиланган. Марказий банк маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатимизда банклар томонидан кредитлаш ҳажми 34,6 миллиард долларни ташкил қилди. Стратегияга кўра, ушбу кўрсаткични 1,16 баробар ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса иқтисодиёт ривожига кредит маблағлари оқими ва кредит айланмасини жадаллаштириш, йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга туширишда кредитлаш механизмига таяниш, кредитлар мақбуллигини таъминлашдир. Зеро, иқтисодиёт тармоқларини доимий асосий ва айланма капиталга инвестициясиз ривожлантириш мумкин эмас. Мазкур мақсаддан келиб чиқиб, банкларимиз ҳам кредитлаш ҳажмини мутаносиб равишда оширади.
Яна бир устувор мақсад — банкларни хусусийлаштириш ва давлат ихтиёрида 3-4 та банкни сақлаб қолиш, банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкларини жалб қилиш. Давлат бу борадаги позициясини ўзгартирмаган ҳолда, банкларнинг эгалигидан чиқиб кетиш орқали соҳага аралашувини чеклаш тарафдори бўлиб қолмоқда
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 10 та банкда давлат улуши устувор бўлиб турибди. Мазкур кўрсаткич охирги йилларда яхшиланган (3 та давлат банки — Ипотека банк, Ўзагроэкспортбанк ва Азия Альянс банк), яъни банкларни хусусийлаштириш жараёни бошланган бўлсада, давлат бу борадаги ишларни жадаллаштиришни мақсад қилган.
Сўнгги йилларда давлат корхона ва ташкилотларини хусусийлаштириш бўйича бир қанча ишлар қилинди, хусусан, “халқ IPO’си” орқали бир нечта давлат улуши юқори бўлган корхона ва ташкилотлар, жумладан, банкларнинг акцияларини оммавий сотувга чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, бир нечта давлат банклари, хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Турон банк, Қишлоқ қурилиш банк ва бошқалар нуфузли халқаро молия институтлари билан трансформация жараёнларини фаол олиб бормоқда.
Бундан кўринадики, яқин йилларда ушбу жараёнлар ўзининг мантиқий якунига етиб, улар хусусийлаштирилади. Шунингдек, мақсадга кўра, давлат ўз ижтимоий вазифаларини бажариш учун мамлакат бўйлаб кенг инфратузилмага эга Халқ банки, Агробанк ва Микрокредитбанкни ҳамда стратегик банк амалиётлари учун Ўзмиллийбанкни тасарруфида олиб қолишни мўлжаллаган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон банк хизматлари бозорига кириб келган чет эл банклари бенефициарлигидаги “ўйинчи”лар бозорда ўзига хос рақобат пайдо бўлиши ва ривожланишига замин яратди. Бунга омонатлар бўйича “TBC Bank” ёки чакана хизматлар борасидаги “Tenge Bank”ни мисол қилиб келтириш мумкин. Шунингдек, яқинда Ипотека банкни хусусийлаштириш орқали Ўзбекистон банк хизматлари бозорига кириб келган “OTP-Bank”дан ҳам рақобат борасида жиддий қадамлар кутиш мумкин. Умуман, чет эл банкларининг кириб келиши бизга ҳар томонлама фойда келтиради.
Банкларга халқаро тан олинган минимал стандарт ва талабларни жорий қилиш орқали меъёрлар ҳамда назорат базаларини такомиллаштириш юқоридаги мақсадга эришиш учун асосий воситавий йўл, десак янглишмаймиз. Банк тизими барқарорлиги, банкларнинг пруденциал нормаларга қатъий жавоб беришини таъминлаш орқалигина халқаро даражадаги инвесторларнинг банк тизимимизга эътиборини жалб қилиш мумкин. Бундан ташқари, банкларнинг актив ва капиталга оид нормативларини таъминлаш, аввало, ушбу банкларнинг депозиторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, қатъий нормативларга асосланмаган банк фаолияти эртамикечми таназзулга юз тутади. Ушбу мақсадларнинг бир бўлаги сифатида 2025 йилга бориб, банк очиш учун минимал устав капиталининг 500 миллиард сўм қилиб белгиланаётганини айтиш мумкин.
Камида 3 та тижорат банкида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш, ислом молиясининг қонуний асосларини шакллантириш. Стратегиянинг ушбу мақсади ҳам бугунги замонавий банк тизимидаги тенденциялардан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Сўнгги йилларда исломий молия FinTech соҳалари билан бир қаторда, халқаро молиявий хизматлар саноатида энг жонли ва шу билан бирга, ҳали кўзга яққол ташланмаган тармоқлардан бири бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирда ислом молияси сектори халқаро даражада йилига 15 дан 25 фоизгача ўсиб бормоқда, бу йўналишдаги институтлар эса жаҳонда 2,7 триллион доллардан ортиқ активларни бошқармоқда.
Савдо-саноат палатасининг БМТ Тараққиёт дастури билан ўтказган тадқиқоти натижалари шуни кўрсатдики, сўровда қатнашган бизнес вакилларининг 38 фоизи ва жисмоний шахсларнинг 56 фоизи анъанавий банклардан диний эътиқодлари сабабли кредит олмайди. Шу тариқа, ислом қоидаларига риоя қиладиган молия ташкилотларига талаб пайдо бўлмоқда. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг баҳолашига кўра, ислом молиясини жорий этиш бюджетга қўшимча 100 миллион доллар фойда келтиради. Лекин Ўзбекистон аҳолиси учун ушбу соҳанинг янада тезроқ ривожланиши ва ислом банкларининг пайдо бўлишига ҳуқуқий меъёрий асос етишмаслиги, солиқ ва бошқарув инфратузилмасининг йўқлиги, шунингдек, аҳоли орасида, айниқса, исломий молиялаштиришга алоқадор молиявий саводхонликнинг пастлиги халақит бермоқда. Мазкур омиллар ва натижаларни ҳисобга олган ҳолда, давлат 2030 йилга қадар Ўзбекистон молиябанк бозорида ислом молиясини жорий қилишни ва ислом банкларига рухсат беришни режалаштирмоқда.
Юқорида биз иқтисодиётнинг фақатгина битта бўғини — банк секторидаги стратегик режаларга тўхталдик, холос. Фармонда қайд этилганидек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа бўлиши лозим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Вақтни — имкониятга, имкониятни — ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ — буюк халқдир. Бугун меҳнаткаш, мард ва олижаноб, меҳр-оқибатли элимиз айни шундай халқ бўлиб майдонга чиқмоқда”.