Муомаладаги банк карталари сони 40 млн донадан ошди

Муомаладаги банк карталари сони 40 млн донадан ошди

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йил 1 сентябрь ҳолатида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2023 йил январь-август ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

2023 йилнинг август ойи давомида пластик карталар 748,2 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 40,2 миллион донадан ошди. Ҳисобот даврида эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш Халқ банки (138,5 минг дона), TBC Bank (101,3 минг дона), Hamkorbank (64,9 минг дона), Ипотека-банк (64,6 минг дона) ҳамда ANOR BANK (58,8 минг дона) да кузатилган.

1 сентябрь ҳолатида терминаллар сонида кўпайиш қайд этилган — 1 103 дона. Hamkorbank (+181 та), Капиталбанк (+171 та), Ипак Йўли банки (+137 та) лардан ташқари яна 18 та банкка тегишли терминаллар сонида кўпайиш кузатилган ҳамда 7 та банкда камайиш қайд этилган. Uzum bank, Smart Bank'лар ҳозирча тўлов терминаллари ўрнатмаган.

Август ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 107 та камайиш қайд этилди. Бу рақам асосан тўлов ташкилотлари (-159 дона) ҳисобига шаклланган. Шунингдек, Ипак Йўли банк (+25 дона), Қишлоқ қурилиш банк (+16 дона) ва Халқ банкларда (+10 дона) банкомат ва инфокиосклар сонида ўсиш кузатилган.

Жорий йилнинг январь-август ойлари давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 47 млн. сўм атрофида тушум тушган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2023 йил январь-август ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.


×