Марказий банк трансчегаравий пул ўтказмаларига доир ўрнатилаётган чекловлар юзасидан тарқатилаётган хабарлар бўйича расмий муносабат билдирди.
Муносабатда маълум қилинишича, Oson халқаро ўтказмаларнинг олувчиси ва жўнатувчиси ҳақида маълумотларни акс эттирмаган. Бу эса Ички назорат қоидаларининг (рўйхат рақами 3266, 2020 йил 30 июнь) 31¹-банди талабларига зид.
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин.
Бироқ, амалиётда “BRIO GROUP” МЧЖ (OSON) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги Қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонуни 4-моддасига асосан тўлов ташкилоти – банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсдир. Шунингдек, тўлов ташкилотлари Марказий банк лицензияси асосида республика ҳудудида тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, тўлов хизматлари – тўлов етказиб берувчининг (тўлов ташкилоти) тўлов хизматларидан фойдаланувчига (мижозга) кўрсатадиган хизмати бўлиб, бунда тўлов ташкилотлари бевосита товарларни (хизматларни) сотиб олувчи ёки сотувчи сифатида иштирок этмайди ва тўловларини чет элдаги бенефициарларга етказиб бериш ҳамда улардан қабул қилиш хизмати улар учун ташқи савдо операцияси ҳисобланмайди.
Шу муносабат билан, тўлов ташкилотлари ўз мижозларининг тўловларини чет элдаги бенефициарга етказиб бериш амалиётларини ташқи савдо операцияси сифатида таснифлаб, қабул қилинган маблағларни бошқа валюталарга айирбошлашлари, шунингдек, трансчегаравий ва давлатлараро транзит ташкилоти сифатидаги операцияларда иштирок этишлари қонунчиликка мувофиқ эмас.
Ўзбекистон Республикасида халқаро тўлов хизматлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган бўлиб, тижорат банкларининг платформалари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бундан кейин ҳам тўлов ташкилотлари фаолиятида қонунчилик бузилиши ҳолатларини мунтазам равишда назорат қилиб, тўлов ташкилотлари қонунчилик доирасида фаолият юритишлари борасида барча чораларни кўради.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Oson ҳамда Payway тўлов ташкилотлари трансчегаравий пул ўтказмаларини вақтинча тўхтатган.
Тасодифий хабарлар
Самарқандда банкоматни ичида 720 млн. сўми билан ўғирлаб кетганлар қўлга олинди
Халқ банкидан берилган кредит маблағларини мақсадсиз сарфлаб, ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди
Ўзсаноатқурилишбанк маркетинг департаменти директорига ўринбосар тайинланди