4 сентябрь куни Тимур Сулейменов Қозоғистон Миллий банки (мамлакат банк тизими регулятори — таҳр.) раиси бўлди. Мамлакат парламенти Сенати йиғилишида депутатлар унинг номзодини бир овоздан тасдиқлашди.
Тимур Сулейменов Қозоғизстон банк тизими регулятори раҳбари сифатида 1,5 йилдан бери ишлаб келаётган Пирматов Галымжан Олжаевични алмаштирди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев Миллий банкка янги раҳбарни таништираркан, уни молия-иқтисод соҳасида катта тажрибага эга эканлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари Миллий банк олдига келгуси йилда инфляция даражасини пасайтириш, молиявий технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш, миллий тўлов тизимини тўлиқ ишга тушириш бўйича муҳим вазифалар қўйилганини билдирди.
"Биз бизнесни етарли даражада кредитлашни таъминлаш вазифаси ҳақида ўйлаётганимиз биринчи йил эмас. Бу ишни тезлаштириш зарурлигини мен Қозоғистон халқига мурожаатимда ҳам айтиб ўтдим. Бу борада мутаносиб ечим топиш, янги ёндашувлар, воситалар ва механизмларни жорий этишни фаол рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Халқаро молиявий ҳамкорлик ва Миллий банкнинг учинчи давлатларнинг марказий банклари ва молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ҳозирги геосиёсий шароитда глобал регуляторлар бизнинг молиявий тизимимизга тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Шундай экан, бундай муносабатларни йўлга қўйишда “олтин ўрталик”ни топиш, мамлакат молиявий хавфсизлиги учун хавф ва оқибатларни тўғри баҳолашни таъминлаш муҳим", — деди Қосим-Жўмарт Тоқаев.
Тимур Сулейменов 1978 йил 5 апрелда туғилган. Павлодар давлат университетини менежмент мутахассислиги бўйича (2000), Мериленд университетини бизнес бошқаруви йўналиши бўйича (2002) тамомлаган. Молия бўйича ихтисослашган бизнес магистри.
Меҳнат фаолияти давомида "Эрнст энд Янг Казахстан", «КазМунайГаз» каби компанияларда, Иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш, Иқтисодиёт ва савдо вазирликларида, Президент администрациясида ишлаган. 2019 йилнинг 1 мартидан 21 мартига қадар Қозоғистон Миллий банки раиси ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
Тасодифий хабарлар
Асакабанк Осиёдаги йилнинг энг яхши чакана хизматлар банки деб топилди
Қашқадарёда шифокор кўрикка келган беморнинг картасидаги пулларни ўзлаштирган
Бизнесни ривожлантириш банки “БРБ ёш иқтидорлари” клубини очди