Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси устав капиталидаги давлат улуши Марказий банкка ўтказилмоқда. Бу ҳақда 2 сентябрь куни қабул қилинган \"Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида\"ги ПҚ-291-сонли Президент қарорида маълум қилинди.
Қарорга кўра, “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” давлат унитар корхонаси мулкчилик шакли Акциядорлик жамиятига ўзгартирилади ва устав капиталидаги давлат акциялари пакети Марказий банкка ўтказилади.
“Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ таъсисчилигида “Миллий клиринг маркази” АЖ ташкил этилади.
2025 йил 1 январдан давлат ва корпоратив қимматли қоғозларнинг ягона ҳисоби “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖда юритилади.
2028 йил 31 декабргача “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ, “Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ ва “Тошкент” республика фонд биржаси” АЖ маблағларни мақсадли равишда уларни ривожлантиришга йўналтирган ҳолда дивидендларни ҳисоблаш ва тўлашдан озод қилинади.
2022 йилда Марказий банк томонидан тақдим этилган “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими Капитал бозорига жорий қилинади.
Амалдаги \"Марказий банк тўғрисида\"ги Қонуннинг 6-моддаси — Марказий банк учун тақиқланган фаолият турлари моддасида \"Марказий банк банкларнинг капиталларида ва бошқа юридик шахсларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга ҳақли эмас, бундан валюта биржасининг, шунингдек Марказий банкнинг фаолиятини таъминловчи ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг капиталларида иштирок этиши мустасно\" эканлиги қайд этилган.
Шунингдек, 2023 йил 1 октябрдан:
- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарнинг акциялари фонд бозорида оммавий таклиф қилиш орқали жойлаштирилгандан сўнг камида 7 йил давомида мазкур корхоналар соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилади;
- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга хизмат кўрсатувчи андеррайтерларнинг хизмат ҳақи қимматли қоғозлар режалаштирилганга нисбатан қимматроқ ва (ёки) кўпроқ жойлаштирилганлиги натижасида шартномада келишилган миқдордан ошган ҳолларда, шартнома бошланғич нархини 10 фоиздан ортиққа оширмаслик тўғрисидаги чеклов бекор қилинади.
Қимматли қоғозлар фонд биржаси листингига киритилмаган акциядорлик жамиятларининг расмий веб-сайти бўлиши ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади, бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган акциядорлик жамиятлари мустасно.