Марказий банк тўлов ташкилотларига янги чекловларни киритмоқда. Бу нимани англатади?

Марказий банк тўлов ташкилотларига янги чекловларни киритмоқда. Бу нимани англатади?

Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Жорий йил 31 август куни Марказий банк жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузгани учун Brio Group (Oson) тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланганини маълум қилди.

Ўша куни Oson тўлов ташкилоти "Газета.уз"га Ўзбекистон Марказий банкининг қонунбузилиши учун қўллаган жаримаси бўйича хабари юзасидан изоҳ бериб, “Ўзбекистоннинг молиявий технологияларни қўлловчи компаниялари (финтех) учун янада жиддий муаммолар юзага келаётгани”ни билдирди.

Brio Group компанияси вакилининг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ финтех-ташкилотлари Марказий банкдан 5 сентябрдан бошлаб трансчегаравий давлатлараро транзит операцияларини амалга ошириш тақиқланиши ҳақида хат олишган.

Bankers.uz вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида соҳа мутахассислари билан боғланди, ушбу ҳолатга алоқадор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганди.

Ҳозирги ҳолат

Ҳозирда трансчегаравий пул ўтказмалари тижорат банклари иштирокисиз тўғридан-тўғри тўлов ташкилоти ва хориждаги контрагент орқали амалга ошириш имконияти мавжуд ва ҳозирда ушбу турдаги операциялар амалга ошириб келинмоқда. Бу эса айрим жисмоний шахсларга "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунни айланиб ўтиш имконини бермоқда.

Регулятор нуқтаи-назари

Соҳа мутахассисларининг фикрича, Марказий банк асосли равишда тўлов ташкилотларига тўловларни қайта ишлаш томони сифатида банклар иштирокисиз тўғридан-тўғри трансчегаравий ўтказмаларни амалга оширишга рухсат берилмаслигини билдирмоқда. Бу - тижорат банкларига қонун ҳужжатларига мувофиқ, санкция назорати функцияларини амалга оширувчи хорижий ташкилотлар билан хорижий валютада халқаро трансчегаравий тўловларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигидан далолат беради.

Bankers.uz сўровига жавоб берган тижорат банклари вакиллари МБ томонидан аҳолини ва тўлов тизимларининг бошқа иштирокчиларини тўловларни амалга оширувчи ва трансчегаравий тўловларни (пул ўтказмаларини) амалга оширувчи шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.

Республика ҳудудида мавжуд бўлган нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, барча банклардан банк қонунчилигига, Марказий банкнинг меъёрий ҳужжатларига қатъий риоя этишини, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган тўлов тизимлари ва пул ўтказмалари тизимлари иштирокчиларининг узлуксиз ишлашини тақозо этади.

Тижорат банклари ўз саъй-ҳаракатларини ички назорат тизимини ва рискларни бошқариш тизимини кучайтиришга, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тўлов хизматларини кўрсатиш жараёнида амалга оширилаётган операцияларнинг доимий мониторингини таъминлашга йўналтирмоқда.

Банкнинг хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, назорат ва молиявий барқарорлик даражасини ошириш соҳасидаги узлуксиз ишлари банкка ўзини тўлов тизимлари, пул ўтказмалари тизимларининг ишончли иштирокчиси, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишда тўлов провайдери сифатида эълон қилиш имконини беради.

Ўзгаришларнинг иқтисодий асослари

1. Ўзбекистон тўлов ташкилотлари халқаро финтех бозорларида (Россия, Қозоғистон, бошқа МДХ давлатлари, Европа ва х.к.) молиявий хизматларни кўрсатиш учун ўша давлат ёки иқтисодий худуднинг молиявий регулятори томонидан берилган лицензияга эга бўлишлари керак. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари” тўғрисидаги қонунида ҳам эътиборга олинган бўлиб, ушбу қонунга асосан тўлов ташкилотлари тўлов хизматларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Марказий банкнинг тегишли лицензиясига асосан етказиб беради. Тўлов ташкилотлари чет эл давлат бенефициарлари томонидан бажарилган хизмат ёки товарлар учун тўлов хизматларини етказиб бериш фаолиятини амалга ошириш учун бенефициар рўйхатдан ўтган давлатнинг тегишли идораларидан лицензия олган бўлиши керак.

2. Ўзбекистон банклари ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олишда Марказий банк томонидан қўйилган талабларни бажаришлари шарт бўлиб, булар асосан кадрлар, инфраструктура, ички меъёрий хужжатлар, капитал етарлилигига оид талаблардан иборат ва тўлов ташкилотларида одатда бу каби талабларни бажариш имконияти мавжуд эмас. Хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бўйича чет давлат бенефициарларини тўлиқ идентификациядан ўтказа олмаслик тўлов ташкилотлари ва умуман банк-молия тизими учун хатарларни келтириб чиқаради.

3. Халқаро миқёсдаги йирик молиявий ташкилотлар томонидан шакллантирилган санкциявий рўйхатлар ва улардаги ўзгаришларни доимий мониторинг қилиб бориш, санкция қўлланган юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий операцияларини чеклашга оид талабларни бажариш кенг миқёсдаги молиявий, технологик ва кадрлар билан боғлиқ ресурсларни талаб қилади ва тўлов ташкилотлари томонидан ушбу талабларни бажара олмаслик умумий Ўзбекистон банк-молия тизимига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқариши мумкин.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, тижорат банклари Ўзбекистон банк-молия тизимини, унинг иштирокчиларини ва аҳолини ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарлардан ҳимоялаш юзасидан Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаши табиий.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон ҳудудидаги нақдсиз ҳисоб-китоб тизимлари ва уларнинг иштирокчилари Республика аҳолиси ва банк-молия тизимини молиявий хатарлардан ҳимоялаш мақсадида, тижорат банклари томонидан мавжуд қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий талабларига қатъий риоя қилишлари, трансчегаравий операцияларни амалга оширишда хорижий ҳамкор банклар билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши чора-тадбирларни мунтазам кўриб боришлари лозим бўлади.

×