Ўзсаноатқурилишбанк Бошқаруви раиси Сахи Аннакличев, Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги кулолчиликка ихтисослашган корхоналар, шунингдек Ўзбекистон туманидаги қўшма корхонага ташриф буюриб, тадбиркорлар билан учрашди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ташриф давомида бошқарув раиси, хусусан, Риштон туманидаги “Оқ-ер”, ”Қалайнав” ва ”Тўраобод” маҳаллаларида қурилаётган замонавий кулолчилик марказларини қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларни ўрганди.
Таъкидлаш керакки, мамлакат раҳбарининг 2021 йил 23 мартдаги “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзсаноатқурилишбанкка Риштон туманида 3 та кулолчилик марказини қуриш вазифаси юклатилган.
Ўзсаноатқурилишбанк Бошқаруви раиси, шунингдек, Ўзбекистон туманидаги “Albus Cement Group” ўзбек-турк қўшма корхонасидаги мавжуд лойиҳалар билан танишди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида 2000 нафарга яқин янги иш ўрни яратилади.