Фото: tinkoff.ru
Рублнинг сўнгги кунлардаги сезиларли девальвацияси ортидан Россия банки бугун - 15 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда асосий ставкани бирданига 3,5 фоизга - 8,5 фоиздан 12 фоизгача оширди. Бу ҳақда регулятор расмий сайтида хабар берилган. Марказий банк ушбу қарорни "нарх барқарорлигини таъминлаш учун рискларни чеклаш мақсадида" қабул қилганлигини айтган.
"Инфляция босими кучайишда давом этмоқда. 7 август ҳолатига кўра йиллик инфляция 4,4 фоизга етган. Шунингдек, нархларнинг жорий ўсиш суръати ҳам тезлашишда давом этмоқда. Йиллик ҳисобда охирги уч ойда ўртача ўсиш, мавсумий тузатишларни ҳисобга олганда 7,6 фоизни ташкил қилди. Базавий инфляциянинг худди шундай кўрсаткичи 7,1% гача ўсди", — дейилган Россия банки хабарида.
Регулятор ушбу қабул қилинган қарор 2024 йилда инфляцияни 4 фоиз даражасига қайтариш ва уни ушбу даражада барқарор ушлаш учун зарурий пул-кредит шароитлари ва умуман ички талаб динамикасини таъминлашга қаратилганини таъкидлаган.
Деярли 10 ой давомида ўзгармай турган асосий ставка, июль ойи охирида 7,5 фоиздан 8,5 фоизгача кўтарилганди. Россия банкининг асосий ставка бўйича кейинги қарори роппа роса бир ойдан сўнг - 15 сентябрда қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта ўртасида, аниқроғи 10 август куни Ўзбекистонда долларнинг расмий курси бирданига 408 сўмга (+3,5 фоиз) ошиб, 1 доллар 12 минг сўмдан ортиқни ташкил қилганди. Ўшанда Ўзбекистон Марказий банки Россия рублининг қадрсизланишини сўмнинг заифлашиши сабабларидан бири деб атаганди.
Тасодифий хабарлар
Қишлоқ қурилиш банк ҳам норезидентларга хизмат кўрсатиш шартларини қатъийлаштирмоқда
Бухоро амирининг банкларда қанча омонати бўлган?
Венгриянинг OTP Bank'и Ўзбекистоннинг Ипотека-банкини сотиб олиш бўйича шартнома имзолади