Фото: ЎзСҚБ
Жорий йилнинг 4 август куни Ўзсаноатқурилишбанк умумий қиймати 100 миллион AҚШ доллари бўлган 5 йиллик халқаро облигацияларни хусусий жойлаштиришни якунлади. Бу ҳақда банк Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу транзакцияни амалга оширишда инвестор сифатида Халқаро молия корпорацияси, Aвстрия тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Германия тараққиёт молия институти ҳамда ташкилотчи банк сифатида Франциянинг “Societe Generale” банки иштирок этган.
Маълум бўлишича, жалб қилинган инвестицияларнинг асосий қисми “яшил” лойиҳалар, жумладан, энергия самарадорлигини ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, “яшил” қурилиш, қайта тикланадиган энергия ҳамда сувни тежашга оид лойиҳалар, шунингдек кичик ва ўрта бизнес ҳамда аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга йўналтирилади.
Мазкур транзакция Президентнинг 31 июлдаги “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилди. Қарорда Банк томонидан жорий йил якунига қадар капитал бозорларида 100 миллион долларлик “яшил” облигацияларнинг чиқарилиши ва жойлаштирилиши топшириғи берилган эди.
Ўзсаноатқурилишбанк 2019 йилда Ўзбекистон тижорат банклари орасида биринчилардан бўлиб халқаро қарз бозорига чиққан. Унда Банк томонидан Лондон фонд биржасига 300 миллион долларлик еврооблигациялар жойлаштирилган эди.
Тасодифий хабарлар
"Капиталбанк" акциядорларидан бири "FINANCE TCI"нинг эгалари ўзгарди
Халқ банки 2021 йилни зарар билан якунлаганининг сабабини очиқлади
Халқаро Молия Корпорацияси Ўзбекистон банк тизими ва банкларни хусусийлаштириш жараёнлари тўғрисида материал чоп этди