Марказий банк I ярим йиллик бўйича пластик карталар, терминаллар ва банкоматлар статистикасини эълон қилди

Марказий банк I ярим йиллик бўйича пластик карталар, терминаллар ва банкоматлар статистикасини эълон қилди

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йил I ярим йиллиги ҳолатида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2023 йил январь-июнь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

2023 йилнинг дастлабки олти ойи давомида пластик карталар 4,7 млн донага кўпайиб, уларнинг жами сони 38,8 миллион донадан ошди. Ҳисобот даврида эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш Халқ банки (1 367,7 минг дона), TBC Bank (494,2 минг дона), Ипак Йўли банки (352,5 минг дона), ANOR BANK (337,2 минг дона) ҳамда Hamkorbank (272,5 минг дона) да кузатилган. Шунингдек, Қишлоқ қурилиш банк (-4,3 минг дона) ҳамда Ziraat Bank Uzbekistan (-11,8 минг дона) ларда карталар сонида камайиш кузатилган.

1 июль ҳолатида TBC Bank 1 млндан ортиқ карта эмиссия қилган 12 банк қаторига кирган бўлса, Hayot Bank илк марта (аниқроғи июнь ойида) банк картаси эмиссия қилди.

2023 йилнинг I ярим йиллигида терминаллар сонида камайиш қайд этилган — 8 047 дона. MKBANK (-5 062 та), Халқ банки (-1 933 та), Асакабанк (-999 та) лардан ташқари яна 15 та банкка тегишли терминаллар сонида кўпайиш кузатилган ҳамда 12 та банкда кўпайиш қайд этилган. Hayot Bank, Uzum bank, Smart Bank'лар ҳозирча тўлов терминаллари ўрнатмаган.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 3 826 та ўсиш қайд этилди. Бу рақам асосан тўлов ташкилотлари (2 853 дона), Халқ банки (598 та) ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк (201 дона) лар ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 12 та банк — Инфинбанк, Агробанк, Ипотека-банк, Ипак Йўли банки, Қишлоқ қурилиш банк, Гарант банк, Тенге банк, MKBANK, Ўзмиллийбанк, Ориент Финанс банк, Трастбанк, Туронбанкларнинг ўрнатган банкомат ва инфокиосклар сонида кўпайиш бўлган бўлса, 13 банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 44 млн. сўм атрофида тушум тушган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2023 йил январь-июнь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

×