Скриншот:2030.strategy.uz
Келгуси 7 йилда мамлакатнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи "Ўзбекистон – 2030" стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Стратегиянинг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, унда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.
Хусусан, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси II бўлими "Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш" деб номланган ва 50- бандда "Банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизматлари бозори ҳажмини ошириш ва соҳада рақобатни ривожлантириш" бўйича қатор чора-тадбирлар ва вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, унда қуйидаги вазифалар ва режалар белгиланган:
- Банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, банк омонатлари ҳажмини 4 баробарга ошириш, кредит фоизларини 10-12 фоизгача тушириш;
- Банкларни хусусийлаштириш ва давлат ихтиёрида 3-4 та банкни сақлаб қолиш, банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкларини жалб қилиш;
- Капитал ҳаракатини босқичма-босқич янада эркинлаштириш чораларини кўриш орқали молия бозорига ўрта ва узоқ муддатли хорижий капитал оқимини кенг жалб қилиш;
- Банкларга халқаро тан олинган минимал стандарт ва талабларни жорий қилиш орқали меъёрлар ва назорат базаларини такомиллаштириш;
- Банкларнинг кузатув кенгашларида халқаро тажрибага эга бўлган мустақил аъзоларни улушини камида 50 фоизга етказиш, кузатув кенгашлари раисларининг мустақил аъзолар орасидан сайланишини таъминлаш;
- Камида 3 та тижорат банкларида Ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш;
- Судга киритилган даъволар бўйича кредитларга оширилган фоиз ва жарима ҳисоблашни тўхтатиб туриш механизмларини жорий қилиш;
- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун берилаётган кредитлар бўйича мавсумга мослаштирилган сўндириш амалиётини жорий этиш.
Фуқаролар лойиҳаларнинг муҳокамасида фаол иштирок этиб, мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган таклифларни regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларига юбориши мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси 2023 йил 9 августга қадар давом этади.
Тасодифий хабарлар
Бизнесни ривожлантириш банки IT йўналишида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Шавкат Мирзиёев учта банкда жиноий иш очилиши ҳақида гапирган
Савдогарбанк навбатдан ташқари акциядорлар умумий йиғилишини ўтказади