Ўзбекистоннинг бир нечта банки "Юнистрим" тизими билан ишлашни тўхтатди

Ўзбекистоннинг бир нечта банки "Юнистрим" тизими билан ишлашни тўхтатди

Фото: Ведомости

Ўзбекистоннинг бир нечта банки бирин-кетин Россиянинг "Юнистрим" пул ўтказмалари тизими билан ишлашни тўхтатгани тўғрисида маълум қилди. Хусусан, тизим билан ишлаш тўхатилганлиги тўғрисидаги хабарлар бугун дастлаб Халқ банки, Ипотека банк, Турон банк ва Ориент Финанс банк томонидан, кун якунига яқин Трастбанк томонидан эълон қилинди. Ушбу банклар "тизим билан ишлаш вақтинча тўхтатилганлигини" маълум қилган ва "ноқулайликлар учун узр сўраган".

Ўзбекистон банкларидан Капиталбанк роппа роса бир йил олдин, Ипак Йўли банки эса ўтган йил феврал ойида ушбу тизим билан ишлашини тўхатган эди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар саҳифаларида мазкур пул ўтказмалари тизимидан фойдаланиш яна бир нечта банкда, хусусан, Асакабанк, Агробанк, Азия Альянс банк, Алоқабанк ва Инфинбанкда тўхтатилганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Агробанк, Асакабанк, Азия Альянс банкларнинг расмий веб-сайтларида пул ўтказмалари бўлимида келтирилган тизимлар рўйхатида "Юнистрим" олиб ташланган. Бироқ, Алоқабанк ва Инфинбанк расмий веб-сайтининг тегишли бўлимида юқоридаги тизим бўйича маълумотлар ва шартлар ҳозирча мавжуд. Бошқа тижорат банклари ҳозирча ушбу тизим билан ишлаш ёки ишламаслиги тўғрисида расман маълум қилмаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йил 20 июль куни Россиянинг яна 5 та банки қаторида "Юнистрим" пул ўтказиш тизимининг эгаси бўлган "Юнистрим банк"ига қарши навбатдаги санкцияларини эълон қилганди.


×