2023 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан аҳолига ипотека кредитлари ажратилиши борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда банк Бошқаруви раҳбарияти ва банкнинг тегишли таркибий тузилмалари масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Фото: Қишлоқ қурилиш банк
Бугунги кунда банк томонидан аҳолининг уй-жой харид қилиш билан боғлиқ эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган ипотека кредитлари 4 та йўналишда, хусусан:
- янги тартиб асосида бирламчи уй-жой бозорида квартира харид қилиш учун;
- аҳоли шахсий ер участкасида уй-жой қуриш ва қайта қуриш учун;
- намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлар учун;
- Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси маблағлари ҳисобидан уй-жой/квартира харид қилиш учун ажратилмоқда.
Ҳозирда биринчи йўналишдаги ипотека кредитлари доирасида Қишлоқ қурилиш банк филиалларида янги тартиб доирасида қурилган, фойдаланишга қабул қилиб олиш тўғрисида комиссия далолатномаси асосида мулк ҳуқуқи юзага келган ҳамда қабул қилиб олинганига уч йилдан кўп бўлмаган, янги қурилган 4 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар ёки ундаги квартираларни харид қилиш учун кредит шартномалари тузилмоқда. Мазкур ипотека кредитлари бозор ставкалари асосида 20 йил муддатгача, бошланғич бадал сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таклиф этилмоқда.
Ипотека кредитлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 327,25 млн сўмдан, Тошкент шаҳрида эса – 416,5 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилади.
Mатбуот анжуманида янги тартиб доирасида субсидия тўловларини амалга ошириш механизмлари ва шартлари бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.
Янги тартиб доирасида 2022 йилда банк томонидан 1 трлн. 864 млрд. 400 млн. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.
Фото: Қишлоқ қурилиш банк
Банк томонидан ажратилаётган ипотека кредитларининг яна бир йўналиши, аҳолининг шахсий ер участкасида уй-жой қуриш ва қайта қуриш учун мўлжалланган кредитлардир.
Ушбу кредит тури Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида, аҳоли шахсий ер участкасида уй-жой қуриш ва қайта қуриш учун 20 йилгача, мижоз истагидан келиб чиқиб 6 ойгача имтиёзли давр билан ажратилади. Кредит фоизи бозор ставкалари асосида ўрнатилиб, бошланғич бадал миқдори лойиҳа-смета қийматини 15 фоизидан кам бўлмаслиги талаб этилади.
Мазкур йўналишда 2022 йилда банк томонидан 893 та мижозга 152 млрд. 200 млн. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.
Учинчи йўналиш – намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлар учун ажратилаётган ипотека кредитларидир. Бундай кредитлар 1 йиллик имтиёзли давр билан 20 йилгача муддатга берилади. Кредит фоиз ставкаси дастлабки 5 йилда 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси миқдорида берилади.
Фото: Қишлоқ қурилиш банк
Ушбу кредитларни олиш учун мижоз Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли қарорига асосан тегишли тавсияномага эга бўлиши ҳамда “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК билан уй-жой олиш юзасидан тегишли шартнома расмийлаштириши талаб этилади.
Банк томонидан “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК иштирокида 2009-2022 йиллар давомида 8 трлн. 912 млрд. 400 млн. сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ажратилди.
2022 йилда бу кўрсаткич 396 млрд. 800 млн. сўмни ташкил қилди.
Тўртинчи йўналиш – Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси маблағлари ҳисобидан уй-жой/квартира харид қилиш учун ажратилаётган кредитлар бўйича қуйидаги кўрсаткичларга эришилди:
2022 йилда мазкур йўналишда 16 млрд. 100 млн. сўмлик кредитлар ажратилди.
Шунингдек, журналистларга ипотека бозоридаги муҳим ўзгаришлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 13 апрелдаги “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида расмий даромадга эга бўлмаган фуқароларга уларнинг республикамизнинг исталган тижорат банкларидаги банк карталари айланмаси маълумотлари асосида ипотека кредитлари ажратиш амалиёти йўлга қўйилгани;
- фуқаролар томонидан тўланадиган дастлабки бадал миқдоридан келиб чиқиб, ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкалари жорий этилгани;
- Фуқароларнинг кредитга лаёқатлилик даражасини ўрганишда ЖШШИР маълумотлари асосида (ортиқча хужжатларсиз) фойдаланиш йўлга қўйилгани ҳамда Тошкент шаҳрида 2 та ва Андижон вилоятида 1 та Ипотека кредити ажратиш маркази фаолияти йўлга қўйилганига эътибор қаратилди.
Фото: Қишлоқ қурилиш банк
Тадбирда шунингдек, ўтган даврда ажратилган ипотека кредитлари миқдори ҳамда уларда банклар улуши ҳам очиқланди. Бир сўз билан айтганда, юртимиз ипотека бозоридаги бугунги ҳолат бўйича таҳлилий маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, журналистларга ипотека йўналишида йил охиригача белгиланган режалар бўйича ҳам маълумот берилди.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди ва улар АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” фаолиятининг келгусидаги устувор йўналишлари бўйича маълумотга эга бўлдилар.
Тасодифий хабарлар
Июнь ойида ҳам Марказий банк 11 та банкка жарима санкциясини қўллади
Фаол маркетинг, илғор карта бизнеси ва бозордаги барқарор позиция: "Ипак Йўли" банкида 2021 йил якунлари
Ипотека банкдаги Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси улуши Молия вазирлигига ўтказилди