Ўзагроэкспортбанк фаолиятини AVO Bank номи билан давом эттириши мумкин

Ўзагроэкспортбанк фаолиятини AVO Bank номи билан давом эттириши мумкин

Фото: Авазбек Топилов / Bankers.uz

Ўзагроэкпортбанк номини AVO Bank сифатида ўзгартирган ҳолда фаолият юритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bankers.uz мухбирига бугун бўлиб ўтаётган “Финтех, банклар ва ритейл” 3-Халқаро ПЛАС-Форумида иштирок этаётган "Ўзагроэкспортбанк" АТБ бошқаруви раиси Артем Попов маълум қилган. А.Поповнинг билдиришича, банк акциядорлари ўзгармайди ва у янги ном билан, рақамли банк хизматларига урғу берган ҳолда ўз фаолиятини бошлайди.

Ходимларни ёллаш бўйича ижтимоий тармоқ платформаси - LinkedIn'да Avo.uz номли саҳифа пайдо бўлган бўлиб, у банк соҳаси мутахассисларини излаётгани бўйича бир нечта эълонлар ҳам жойлаштирган.

Bankers.uz'нинг аниқлик киритишича, Ўзагроэкспортбакнинг номини ўзгартириш бўйича тегишли ҳужжатлар банк устав капиталини жорий йил 1 сентябрдан амалда бўладиган минимал талаблар (200 млрд сўм) даражасига келтирилгандан сўнг, Марказий банкка тақдим этилади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда "Ўзагроэкспортбанк" АТБ устав капитали 105,1 млрд сўмни ташкил қилади. Таъсисчиси сифатида "AVO.UZ" МЧЖ ҚК кўрсатилган.

Фотоскриншот: stat.uz

Эслатиб ўтамиз, банк акциядорларининг жорий йил 6 апрелда бўлиб ўтган йиғилишида банк уставига тегишли ўзгартиришлар киритилган бўлиб, устав капитални 930,2 млрд сўм қилиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Телеграм ижтимоий тармоғида банк номининг "AVO" деб қўйилиши бўйича ҳам хабарлар пайдо бўлган. Хусусан, унда айтилишича, бу ном ўзбекча "ҳаво" сўзининг қисқартмаси бўлиб, банк ҳаво каби "ҳамма жойда, тоза" молиявий хизмат кўрсатишни ўз олдига мақсад қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Хабарда "AVO.UZ" компаниялар гуруҳи Ўзбекистонда етакчи чакана банкни қуришни режалаштираётгани, шу билан бирга гуруҳнинг асосий маҳсулоти имтиёзли даврга эга AVO Platinum кредит картаси ҳисобланиши айтилган.

×