Май ойида аҳолига ажратилган кредитларнинг ўртача ставкаси 0,2 бандга ошган

Май ойида аҳолига ажратилган кредитларнинг ўртача ставкаси 0,2 бандга ошган

Марказий банк 2023 йил 1 июнь ҳолатига банк кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаларига оид статистикани тақдим этди.

Регуляторга кўра, 2023 йил май ойида миллий валютадаги аҳолига ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари 23,1 фоизни ташкил қилган. Бу эса апрель ойига нисбатан 0,2 фоизга кўпроқ. Қайд этиш лозимки, ушбу кредитлар бўйича фоиз ставкаларида имтиёзли кредитлар ва микроқарзлар ҳисобга олинмаган. 

Ҳисобот даврида тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари 22,3 фоизни ташкил қилган. Бу эса апрель ойига нисбатан 0,5 фоизга камроқ.

Инфографика: Марказий банк

2023 йил 1 июнь ҳолати бўйича чет эл валютасидаги қисқа муддатли банк кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари 9,7 фоиз, узоқ муддатли бўйича эса 8,9 фоизни ташкил қилмоқда. 1 ой давомида узоқ муддатли кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 0,4 фоизга кўтарилган.

Депозитлар бозорида миллий валютадаги жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари ўзгаришсиз — 20,8 фоизни ташкил қилмоқда.

Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича фоиз ставкалари эса ўтган ойга нисбатан 0,9 фоизга пасайиб, 17,0 фоизни ташкил қилган.

Чет эл валютасидаги жисмоний шахслар депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари 4,7 фоизни, юридик шахслариники эса 4,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Инфографика: Марказий банк


×