Маҳаллабай ишлаш бўйича айрим тадбиркорларга 10% лик кредит берилади

Tp9fn_wPqQuMShDtLYZtTwRsTDAqRrrK

Фото: Президент матбуот хизмати

Маҳаллабай ишлаш бўйича айрим тадбиркорларга 10 фоизлик кредитлар ажратилади. 5 августда чиққан "Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" ги ПҚ-5214 сонли президент қарорида бу нарса акс этган.

Ҳужжатга кўра, «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш асосида «оғир» маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш бўйича янгича ёндашувни (Андижон тажрибаси) республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам тадбиқ этиш учун Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан давлат улушига эга бўлган тижорат банкларига алоҳида тасдиқланадиган тақсимотга асосан 100 млн. доллар эквивалентдаги маблағлар 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 7 фоиз ставкада ажратилади.

Тижорат банклари томонидан кредитлар кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун «оғир» маҳаллаларга бириктирилган «етакчи» тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатгача йиллик 10 фоиз ставкада битта маҳалла учун 2 млрд. сўмгача миқдорда ажратилади.

«Етакчи» тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик берилади.

Президент қарорига келтирилган иловага кўра, республикада жами 500 дона маҳалла «оғир» маҳалла деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 200 минг доллардан маблағ ажратилиши белгиланган. Энг кўп «оғир» маҳаллалар Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида бўлиб, уларнинг ҳар бирида 52 тадан «оғир» маҳаллалар бор. Ушбу вилоятларнинг ҳар бири учун 10,4 млн. АҚШ долларидан ресурс ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги (ПФ-5877) фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан, зарур ҳолларда, фоиз харажатларининг маълум бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқини берган ҳолда кредитларни имтиёзли фоиз ставкаларида бериш амалиёти бекор қилиниши айтилган эди.

×