Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан йирик миқдордаги кредит маблағларининг талон-торож қилиниши билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар маълум қилинди.
Хусусан, Департаментнинг Қашқадарё вилоятининг Косон туман бўлими томонидан “Микрокредитбанк” АТБ Косон филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда “R.Z.” МЧЖ раҳбари Б.Р. банк филиалидан ажратилган 400 000 АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари эвазига хориждан олиб келинган 201 бош наслли чорва молларини бошқа шахсларга сотиб юборганликлари аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Андижон вилояти Улуғнор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Sh.C.” МЧЖ масъул шахслари ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағлари эвазига сотиб олинган 16 та инкубатор ва юк тарози жиҳозларининг 6 тасини фуқаро Х.Н.га 112 000 АҚШ долларига сотиб юборганликлари аниқланган.
Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “S.M.” МЧЖ раҳбари М.Э. ва бошқалар тикувчилик фаолиятини ташкил этиш учун банк филиалидан ажратилган 2 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини ўзи норасмий бошқариб келган “D.E.” МЧЖга ўтказилишига эришиб, ушбу маблағларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.