Муомаладаги банк карталари сони Ўзбекистон аҳолиси сонидан ошди

Муомаладаги банк карталари сони Ўзбекистон аҳолиси сонидан ошди

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2023 йил январь-апрель ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

Апрель ойи давомида пластик карталар 904,6 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 37,5 миллион донадан ошди. Бу ойда эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш Халқ банки (431,4 минг дона), TBC Bank (83,5 минг дона), ANORBANK (52,7 минг дона), Агробанк (51,4 минг дона) ҳамда "Ипак Йўли" банки (49,1 минг дона) да кузатилган. Шунингдек, Ziraat Bank Uzbekistan (-10,0 минг дона) ҳамда Гарантбанк (-15,5 минг дона) ларда карталар сонида камайиш кузатилган.

1 май ҳолатида терминаллар сонида бироз камайиш қайд этилган — 61 дона. Ўзмиллийбанк (-540 та), Халқ банки (-533 та), MKBANK (-192 та) лардан ташқари яна 10 та банкка тегишли терминаллар сонида камайиш кузатилган, 8 та банкда эса ўзгаришсиз қолган.

Апрель ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 4 336 та камайиш қайд этилди. Бу рақам асосан тўлов ташкилотлари (4 490 дона), Капиталбанк (30 дона) лар ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 10 та банк — Халқ банки, Ўзсаноатқурилишбанк, Ипотека-банк, Қишлоқ қурилиш банк, Инфинбанк, Гарантбанк, Туронбанк, Универсалбанк, Алоқабанк, Асакабанкларнинг ўрнатган банкомат ва инфокиосклар сонида кўпайиш бўлган бўлса, 18 банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 41 млн. сўм атрофида тушум тушган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2023 йил январь-апрель ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

×