TBC Group Payme'нинг 100 фоизлик улушига эга бўлди

TBC Group Payme'нинг 100 фоизлик улушига эга бўлди

Фото: bm.ge

TBC Group Ўзбекистондаги энг йирик онлайн тўлов платформаси Payme'нинг 100% эгасига айланди. Бу ҳақда Грузия компаниясининг Лондон фонд биржасида эълон қилган баёнотида маълум бўлган. Ҳозиргача, 2019 йил апрелидан бери TBC Group Payme'нинг 51% назорат пакетига эгалик қилиб келган ва охирги келишув натижасида компания таъсисчиларига тегишли бўлган 49% улушини ҳам сотиб олган. Айтилишча, бунинг учун гуруҳ келгуси 10 кун ичида нақд пул шаклида 55,7 миллион доллар тўлайди. Битим натижасида Payme'нинг бозор қиймати 113,6 миллион долларга баҳоланди, дейилган хабарда.

Эълондан маълум бўлишича, компаниянинг қолган улушини сотиб олиш ҳуқуқи TBC гуруҳи ва Payme таъсисчилари ўртасида компаниянинг 51% улушини сотиб олиш тўғрисидаги ҳужжатга киритилган. Бундан ташқари, биринчи ҳужжатда жорий битимнинг тахминий нархи ҳам белгиланди, бу бошқа омиллар қаторида компаниянинг даромади EBITDA даражаси ва мижозлар сонига боғлиқ эди.

TBC Group компаниялар гуруҳига киргандан сўнг Payme молиявий кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди. 2022 йилда Payme 2018 йилдаги 1,6 миллион ва 0,8 миллион долларга нисбатан 17,5 миллион доллар даромад ва 11,4 миллион доллар соф фойда кўрган. 2019 йилнинг апрель ойидан бери Payme фойдаланувчилари сони 2,3 бараварга ошган бўлиб, сўнгги маълумотларга кўра, бу 3,1 миллионни ташкил этади.

“Биз Payme'нинг миноритар улушини сотиб олганимиздан мамнунмиз, бу бизни динамик тўловлар платформасининг 100% эгасига айлантиради. Бу харид Ўзбекистонда аллақачон эълон қилинган, етакчи финтех экотизимини яратишни ўз ичига олган кенгайтириш стратегиямизга мос келади. Ушбу битим бизга катта мижозлар базаси ва турли хил маҳсулотлар таклифи ёрдамида тўловлар бизнеси ва рақамли банкимиз TBC UZ ўртасида потентциал синергия яратиш имкониятини беради. Ишонаманки, бу икки бизнесдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз Ўзбекистонда ўрта муддатли мақсадларга эришамиз, жумладан, капиталнинг камида 30% даромадлилиги, ойлик 5 миллион фаол фойдаланувчи ва гуруҳ фойдасида 10-15% улушга тезроқ эришамиз.", деди TBC Bank бош директори Вахтанг Буцхрикидзе.

Эслатиб ўтамиз, TBC Group Ўзбекистонда TBC UZ номи остида ўзининг Space International шўъба финтех компанияси негизида фаолият юритади. Жорий йилнинг март ойи охирига келиб, TBC UZ иловасида 2,7 миллион фойдаланувчи рўйхатдан ўтган, бу 2022 йилнинг охирги чорагига нисбатан 12,5 фоизга ва 2022 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 80 фоизга кўпдир. Бундан ташқари, “TBC Uzbekistan”нинг фаол фойдаланувчилари сони ярим миллиондан ошди. 2023 йилнинг 1-чорагида TBC UZ даромади 23,6 миллион долларигача ўсди, бу ўтган йилнинг 4-чорагидан 27,5% ва 2022 йилнинг 1-чорагидан 8,25 баробар кўпдир.

Теглар:
×