6 та банк энергетика соҳасида компания ташкил қилди

6 та банк энергетика соҳасида компания ташкил қилди

Энергетика вазирлиги ҳамда бир нечта тижорат банклари 20 февраль куни қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ишловчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги "YASHIL ENERGIYA" компаниясини ташкил қилди.

Компания устав капитали 118 млрд 420 млн сўмни ташкил қилади. Устав капиталнинг 76,4 фоизига тўртта банк — Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Агробанк ва Ўзмиллийбанк (ҳар бирида 19,1% дан улуш билан) эгалик қилади. Мазкур банклар ўзларининг 100 фоиз улуш билан таъсис қилинган инвестиция компаниялари — "SQB CAPITAL" МЧЖ, "ASAKA CAPITAL INVEST" МЧЖ, "LEADER FINANCE CAPITAL" МЧЖ ҳамда "NBU INVEST GROUP" АЖлар орқали ушбу компанияга эгалик қилмоқда. Компания қолган 23,6 фоиз улуши 3 та юридик шахсга тегишли экани кўрсатилган. Bankers.uz маълумотларига кўра, бу юридик шахслар Тармоқлараро энергетикани тежаш жамғармаси (Энергетика вазирлигига тегишли), Туронбанк ҳамда Қишлоқ қурилиш банклардир.

"Yashil energiya" МЧЖ тўғрисида маълумот. Манба: Статистика агентлиги

2023 йилнинг 16 февраль куни қабул қилинган "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-57 сонли президент қарорининг 6-бандида ушбу компанияни Энергетика вазирлиги ва тижорат банклари таъсисчилигида ташкил қилиш бўйича таклифга розилик билдирилган. Қарорда "ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш" учун компания ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қарорга кўра, компания ўз ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотлари бино-иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганда, ушбу бино-иншоотларнинг тегишли қисмларидан ижара ҳуқуқи асосида бепул фойдаланади. Компанияга маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилардан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ва уларнинг эҳтиёт қисмларини харид қилиш, ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш учун энг яхши таклифларни танлаб олиш натижаларига кўра тўғридан тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.

×