Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ресурслари асосан иккиламчи бозор учун йўналтирилган

Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ресурслари асосан иккиламчи бозор учун йўналтирилган

Марказий банк 2023 йил I чорак якуни бўйича "Ипотека кредитлари шарҳи" тайёрлади. Регуляторга кўра, 2023 йил I чорагида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари 3,3 трлн.сўмни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,2 баробарга ошди ҳамда уларнинг қолдиғи жорий йил 1 апрель ҳолатига 48,2 трлн. сўмга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга кўп) етди. Бунда, мазкур кредитларнинг аҳолига ажратилган жами кредитлар қолдиғидаги (109,4 трлн.сўм) улуши 44 фоизни ташкил этди.

Манба: Марказий банк

Бу даврда ипотека кредитларининг 521,3 млрд сўмлик қисми Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан ажратилган ресурслар ҳисобига ажратилган. Ушбу ресурсларнинг мутлақ катта қисми (97,5%) иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун, озроқ қисми (2,5%) уй-жой таъмири учун ажратилган. Ҳисобот даврида компания ресурслари ҳисобидан банклар бирламчи бозордаги уй-жойлар учун кредит ажратмаган.

Марказий банк ушбу даврида аҳолига ажратилаётган ипотека кредитларини молиялаштиришда банкларнинг ўз маблағларини аҳамияти тобора ортиб бораётганлигини қайд этган. Хусусан, тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитлари ҳажмидаги улуши 2022 йилнинг мос давридаги 18 фоиздан 23,4 фоизгача ошган бўлса, мазкур даврда “Янги тартиб” доирасида ажратилган кредитларнинг улуши 57 фоиздан 53 фоизгача пасайди. Ажратилган жами ипотека кредитларининг 2 трлн. сўми ёки 66 фоизи (ипотека шартномалари сонига нисбатан) бирламчи бозордаги уйлар, 1,3 трлн. сўми ёки 34 фоизи иккиламчи бозордаги уйлар сотиб олишга йўналтирилган (1-жадвал). Шунингдек, 2023 йилнинг январь-март ойларида нотариус идоралари томонидан жами тасдиқланган уй-жой олди-сотди шартномалар сони 61,6 мингтани ташкил этиб, уларнинг 15,1 мингтаси ёки жами олди-сотди шартномаларнинг 25 фоизи ипотека кредитлари ҳисобидан молиялаштирилган шартномалар ҳиссасига тўғри келади.

2023 йил 1 апрель ҳолатига ажратилган ипотека кредитлари қолдиғининг (48,2 трлн.сўм) 6,9 фоизи (3,4 трлн. сўм) 2011-2016 йилларда, 86,8 фоизи (41,8 трлн. сўм) 2017-2022 йилларда ажратилган ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келcа, 6,2 фоизи (3 трлн. сўм) 2023 йилнинг I чораги ҳиссасига тўғри келади.


×