Жорий йилнинг 17 март куни «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида 25 млн. АҚШ доллари миқдорига тенг синтетик кредит линияни жалб қилиш бўйича битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу кредит маблағлари миллий валюта эквивалентида номинация қилиниб, мамлакатимизда бизнесга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Бу билан молиялаштириш маблағларидан фойдаланиш имконияти кенгаяди, тадбиркорлик соҳасининг барқарор ўсиши ва ривожланиши таъминланади. Айниқса, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган пандемия даврида ишбилармонлик инфратузилмасини модернизациялаш орқали соҳани янада рағбатлантириш ҳамда молиявий секторда салбий оқибатларни юмшатишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур келишув икки томонлама ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлиб, у юртимизда халқаро молия институтлари талабларига тўлиқ жавоб берадиган ислоҳотларнинг ижобий динамикасини тасдиқлайди. Бундан ташқари, ушбу битим 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси асосида қабул қилинган «Йўл харитаси»да миллий валютада ресурсларни жалб қилиш ҳамда эҳтимолий ички ва ташқи таваккалчиликларни ҳисобга олган ҳолда банклар кредит портфелини долларлаштириш даражасини пасайтириш бўйича белгиланган вазифаларга тўлиқ мосдир.
Маълумот учун: Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йилда таъсис этилган. 65 та мамлакат, Европа иттифоқи ва Европа инвестицион банки ЕТТБнинг акциядорларидир. Халқаро молия ташкилоти банк тизимларини ислоҳ қилиш, нархларни либераллаштириш, тегишли меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш, малакали маслаҳат бериш, касбий тайёргарлик ва техник кўникмаларга ўргатиш ҳамда хусусий ва давлат секторига йирик инвестицияларни тақдим этиш каби чора-тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этади.
«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг фаол босқичи 2019 йилда бошланганига қарамасдан, бугунги битим улар ўртасида тузилган тўртинчи келишув ҳужжати ҳисобланади. Битим савдони молиялаштиришда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда банк мижозлари ва ЕТТБнинг кредит кафолатлари билан тасдиқловчи банк сифатида экспорт-импорт операцияларни молиялаштириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, ЕТТБ Банкка хусусийлаштириш, ғазна амалиётларини такомиллаштириш, активлар ва пассивларни бошқариш, ходимлар малакаси ҳамда мижозларнинг молиявий саводхонлигини ошириш масалалари бўйича консалтинг хизматларини кўрсатади.
Банк Ахборот хизмати
Тасодифий хабарлар
Муомаладаги банк карталари сони ўтган ярим йил давомида 2,8 млн. донага кўпайган
“Гарант банк” АЖ банкнинг операцион моделини трансформация қилишни бошлади
Долларнинг расмий курси 12 800 сўмга яқинлашди