Картадан картага пул ўтказмалари учун солиқ жорий этиш режалаштирилмаган — ДСҚ

Картадан картага пул ўтказмалари учун солиқ жорий этиш режалаштирилмаган — ДСҚ

Фото: ДСҚ

Бугун ижтимоий тармоқларда картадан картага (P2P) пул ўтказмалари учун солиқ жорий этилгани ҳақида хабарлар юзасидан Давлат Солиқ қўмитаси расмий муносабат билдирди.

Муносабат матнида айтилишича, жисмоний шахсларнинг бошқа жисмоний шахсдан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек, текинга олган пул шаклидаги даромадлари солиққа тортилмайди. "Яъни бир жисмоний шахсдан бошқа жисмоний шахсга пул ўтказиш (P2P) операциялари солиққа тортилмайди"- дейилган муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъи назар, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгиланган. 

ДСҚ матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги учрашув ахборот алмашинувини тартибга солиш ва техник интеграцияни соддалаштириш мақсадида ташкил этилган. Унда электрон ҳужжатларни шакллантириш ва жўнатиш бўйича техник ечимлар ҳамда тўлов тизимларида ўзаро ҳамкорликнинг бошқа усуллари юзасидан тақдимот ўтказилган.

Жисмоний шахсдан жисмоний шахсга пул маблағлари ўтказилганда солиқ муносабатлари юзага келмаслиги ва жисмоний шахсларда солиқ тўлаш мажбуриятлари пайдо бўлишидан хавотирланиш асоссиз эканлиги таъкидланган.

"Учрашувда банк соҳаси вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди ва келгусида учрайдиган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича ўзаро алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олинди, - деб якунланган муносабат матни.

×