I чоракда иккиламчи бозор учун ажратилган ипотека кредитлари улуши кескин ортган

I чоракда иккиламчи бозор учун ажратилган ипотека кредитлари улуши кескин ортган

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистон тижорат банклари томонидан 2023 йил I чораги давомида 3 трлн. 259,8 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу кўрсаткич 2022 йил I чораги (2,8 трлн. сўм) га нисбатан 460 млрд. сўм кўп демакдир.

Кредитларнинг асосий қисми (49,7 фоизи) Молия вазирлиги ресурслари ҳисобидан ажратилган. Шунингдек, 34,3 фоиз ипотека кредитлари банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, тижорий шартларда ажратилган ипотека кредитларидан иборат.

Кредитларнинг 66 фоизи бирламчи бозордаги уйларни сотиб олишга, 34 фоизи эса иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олишга ажратилган. Ушбу чоракда иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари улуши 2022 йилнинг мос даврига нисбатан кескин ошган. Ўтган йилнинг I чорагида жами ипотека кредитлари қолдиғининг 13 фоизи иккиламчи бозордаги уй-жойлар сотиб олишга йўналтирилган эди. Иккиламчи бозор учун ипотека кредитларининг кескин ўсиши "Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" томонидан ушбу турдаги кредитлар учун ресурс ажратилиши тиклангани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ипотека кредити истеъмолчиларининг 70 фоизи 31-50 ёш оралиғидаги мижозлар, 21 фоизи эса 18-30 ёш оралиғидагилар бўлган. 50 ёшдан ошган ипотека кредити истеъмолчилари 9 фоизни ташкил қилган.

Кредитларнинг 1,0 трлн. сўми Тошкент шаҳридан уй-жой сотиб олиш учун ажратилган.

Манба: Марказий банк



×