Тижорат банкларида ички назорат қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилаётган қўшимчаларга кўра, қуйидаги мезон ва аломатлари мавжуд бўлган амалиётлар ҳам шубҳали операция деб тан олинади:
- Мижознинг банк картасидан банк мобил иловаси орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг (ҳозирги БҲМ бўйича 150 млн сўм, 1 майдан бошлаб эса 165 млн сўм) ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталарига ёҳуд электрон ҳамёнларга ўтказилиши;
- Мижознинг банк картасига бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталаридан ёҳуд электрон ҳамёнлардан келиб тушиши;
- 5 та ва ундан ортиқ банк картасидан (электрон ҳамёндан) банк мобил иловаси орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 1 та хорижий электрон ҳамёнга пул маблағларини ўтказилиши;
- 5 та ва ундан ортиқ банк карталарига (электрон ҳамёнларга) бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 1 та хорижий электрон ҳамёндан пул маблағларини келиб тушиши;
- 1 та банк картасидан (электрон ҳамёндан) банк мобил иловаси орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 5 та ва ундан ортиқ хорижий банк картасига ёки хорижий электрон ҳамёнга пул маблағларини ўтказилиши;
- 1 та банк картасига (электрон ҳамёнга) бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 5 та ва ундан ортиқ хорижий банк картасидан ёки хорижий электрон ҳамёндан пул маблағларини келиб тушиши.
Иқтисодчи Отабек Бакиров киритилаётган ўзгаришларни "Қош қўяман деб, кўз чиқариш" деб атади.
"...тижорат банкларидаги 165 миллион сўмдан ортиқ онлайн омонат эгаларининг омонатлар ҳамёнларга ёки картага қайтарилишида, бир банкдан иккинчисига ўтказишдаги операциялари энди шубҳали дея кўрилади ва ваколатли давлат органи бўлган Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига берилади... Нафақат онлайн омонатчилар, масалан, ипотека кредити ёки автокредит учун дастлабки бадални карточкасига йиғиб тўламоқчи бўлганлар ҳам энди Департаментдан повестка ёки қўнғироқ бўлишидан хавотирга тушишлари лозим бўлади", - дейди О.Бакиров.
Ички назорат хизмати раҳбари сифатида банкнинг бошқарув аъзоларидан бири тайинланиши белгиланган.
Шунингдек, аккаунтларига 20 та ва ундан ортиқ банк карталари бириктирилган шахслар юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритиб, уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим бўлади.
Тасодифий хабарлар
Рақобат қўмитаси икки ойда жами 5 та банкка молиявий жарима қўллади
Тўртта вилоятда кредит маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди
OTP Bank молия директори: Ипотека банкни сотиш учун бизни кутишлари шарт эмас