2022 йилда мобил иловалар орқали қарийб 262 трлн сўмлик транзакциялар амалга оширилган

2022 йилда мобил иловалар орқали қарийб 262 трлн сўмлик транзакциялар амалга оширилган

Фото: Bankers.uz

Марказий банк "Тўлов тизимлари шарҳи"ни тақдим қилди. Мазкур шарҳда Марказий банкнинг тўлов тизимлари фаолияти, хусусан банклараро ва тезкор тўлов тизимлари статистикаси, банк карталари орқали транзакциялар бўйича маълумотлар, онлайн транзакциялар ҳамда тўлов ташкилотлари транзакциялари бўйича маълумотлар келтирилган.

Шарҳда маълум қилинишича, банкларнинг мобил илова дастурларида жисмоний шахслар учун барча базавий банк хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилиши натижасида масофадан туриб онлайн тарзда амалга оширилган операциялар ҳажми ҳисобот йилида 145,8 трлн. сўмга етди. Бунда, мобил илова дастурлари орқали амалга оширилган онлайн депозитлар – 21,9 трлн. сўм, конверсия амалиётлари – 20,9 трлн. сўм, онлайн микроқарзлар – 5,6 трлн. сўм, кредитларни сўндириш ҳажми – 8,2 трлн. сўмни ташкил этган.

Шунингдек, 2022 йилда NFC технологияси асосида амалга оширилган транзакциялар ҳажми 2020 йилга нисбатан 2,1 баробарга ошиб, 25,5 трлн. сўмни ташкил этганлиги маълум қилинган.

2022 йилда тўлов ташкилотлари томонидан 116 трлн. сўмлик транзакциялар амалга оширилиб, 2021 йилга нисбатан 2,1 баробарга ошган. Бунда, жисмоний шахслар томонидан тўлов ташкилотларининг хизматларидан фойдаланган ҳолда мобил операторлар хизматлари учун – 10,5 трлн. сўм, коммунал хизматлар учун – 8,9 трлн. сўм, давлат хизматлари учун – 6,1 трлн. сўм ва кредит тўловлари учун – 3,6 трлн. сўмлик тўловлар амалга оширилган. 

×