2022 йилда Марказий банк расмий веб-сайтига 2,5 миллион мартадан кўп ташриф буюрилган

2022 йилда Марказий банк расмий веб-сайтига 2,5 миллион мартадан кўп ташриф буюрилган

Фото: Bankers.uz

Марказий банк 2022 йил учун "Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг коммуникация сиёсати шарҳи"ни тақдим қилди. Мазкур шарҳда Марказий банк коммуникация сиёсатининг мақсадли аудиторияси, коммуникация сиёсати воситалари ва каналлари, унинг самарадорлигини баҳолаш натижалари ҳамда истиқболдаги режалар келтириб ўтилган.

Шарҳда келтирилишича, Марказий банк монетар сиёсатнинг очиқлигини таъминлаш учун расмий веб-сайти - www.cbu.uz билан бир қаторда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича махсус веб-портал - www.finlit.uz – ҳамда тижорат банкларининг хизматларидан фойдаланишда жисмоний шахслар ўзларига мақбул ва фойдали молиявий хизматни танлаш бўйича оқилона қарор қабул қилишлари учун ахборот портали - www.bankxizmatlari.uz сайтларини ҳам ишга туширган.

2022 йил давомида Марказий банк веб-сайтига 430 та хабар, 14 та пресс-релиз, 71 та шарҳ, 3 та маъруза ва нутқ, Марказий банк ва кредит ташкилотлари фаолиятига доир 150 дан зиёд статистик ва бошқа маълумотлар, 200 дан ортиқ инфографикалар жойлаштирилган. Марказий банк веб-сайти фойдаланувчилари сони ўнгги 5 йилда 2,3 баробарга кўпайган ва 2022 йилнинг ўзида сайтга 2,5 миллиондан зиёд фойдаланувчилар ташриф буюрган. Веб-сайтга 2022 йилда жами ташриф буюрувчиларнинг 62 фоизи (1 миллион 594 минг нафари) Ўзбекистон ҳудудидан ҳамда 38 фоизи (973 минг нафари) хорижий мамлакатлардан ташриф буюрувчилар ҳиссасига тўғри келган.

Инфографика: Марказий банк

Марказий банк веб-сайтига ташриф буюрувчилар орасида валюта айирбошлаш курси саҳифаси энг оммабоп бўлиб (2022 йилдаги жами ташрифларнинг 55 фоизи), оммабоплик бўйича кейинги ўринлар олтин қуймалар нархлари (18 фоиз), янгиликлар (12 фоиз) ҳамда статистик маълумотлар (8 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

Марказий банк кенг жамоатчилик билан яқиндан алоқа ўрнатиш ҳамда фаолиятга оид янгилик ва маълумотларни тизимли етказилишини таъминлаш учун мақсадли аудитория вакиллари орасида энг оммабоп ижтимоий тармоқлар ҳамда мессенжерларда очилган расмий саҳифалардан фаол фойдаланмоқда. Марказий банкнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари обуначиларининг умумий сони сўнгги 5 йилда 4,5 баробарга, яъни 9,8 минг нафардан 44,4 минг нафаргача кўпайган.

Инфографика: Марказий банк

Бугунги кунда Марказий банкнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлари орасида телеграм мессенжери энг кўп аудиторияга эга коммуникация канали бўлиб, Марказий банкнинг ижтимоий тармоқлардаги жами обуначиларининг 54 фоизи ушбу канал ҳиссасига тўғри келади. Марказий банкнинг телеграм канали обуначилари сони сўнгги 5 йилда 3,6 баробарга (6,7 минг нафардан 23,9 минг нафаргача) кўпайган бўлиб, бир кунлик ўртача кўришлар сони 51 мингтадан ошган.

Бугунги кунда Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва комуникацион сиёсат департаменти томонидан тегишли сўровномалар ўтказиш асосида коммуникация сиёсати самарадорлиги мониторинг қилиб борилмоқда. Жумладан, 2023 йил январь ойида ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлар орқали ўтказилган сўровномада 1300 дан ортиқ иштирокчи қатнашган ва респондентларнинг 73 фоизи Марказий банк фаолиятидан хабардорлигини маълум қилган.

Сўровнома натижалари респондентларнинг қарийб 72 фоизи тегишли маълумотларни Марказий банкнинг телеграм мессенжеридаги расмий каналидан олишини, фақатгина 44 фоизи веб-сайтдан фойдаланишини билдирган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур шарҳ бўйича ўз фикрларини билдирар экан, Марказий банк веб-сайти орқали тақдим этиладиган айрим ҳисоботлар, хусусан валюта операцияларига оид маълумотлар (валюта айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари) ўтган йил июндан бери ойлик режимда эълон қилиб борилмай қўйилганига эътибор қаратган. Шунингдек, аксарият ойлик маълумотларни олиш учун эса кейинги ойнинг охирги кунигача кутиш керак бўлаётганини таъкидлаган.

×