Халқ банки Ховос филиалидаги ҳолат бўйича расмий баёнот берди

Халқ банки Ховос филиалидаги ҳолат бўйича расмий баёнот берди

Фото: 2GIS

Турли оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида, шунингдек ижтимоий тармоқ фаолларининг саҳифаларида "Халқ банкининг Ховос филиалида 3,8 млрд. сўм талон-торож қилинганлиги аниқланди" сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан АТ "Халқ банки" матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Хабарларда банкнинг Сирдарё вилоят Ховос филиали масъул шахслари томонидан 2020-2023 йиллар давомида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириш ва (ёки) бирон-бир ҳужжат расмийлаштирмасдан ҳамда сохта маълумотлардан фойдаланган ҳолда жами 3 млрд. 828 млн. 400 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги айтилганди.

Банк матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат бевосита банкнинг "Ички аудит" ҳамда "Ички назорат ва комплаенс" таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида аниқланган бўлиб, ҳолатга тегишли қонуний баҳо бериш мақсадида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

"Ушбу қонунбузарликни содир этган ходимга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мавзуга тергов натижаларидан сўнг қайтамиз." - дейилган муносабатда.

Шунингдек, банк ижтимоий тармоқ фаоллари ва журналистлардан шу каби АТ Халқ банки мутасаддилари ўзи аниқлаб, ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этаётган жиноий ҳолатларни нотўғри талқин қилиб, бу орқали кенг жамоатчиликда бир томонлама фикр уйғонишига сабабчи бўлмасликларини сўраган ва ўз навбатида, банк фаолиятига бефарқ бўлмагани учун миннатдорчилик изҳор қилган.

×