Фото: Bankers.uz
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан жорий йил январь ойи давомида 9 та йиғилиш ўтказилган бўлиб, уларда рухсат бериш тартиботи билан боғлиқ ва кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир жами 26 та масала кўриб чиқилган. Бу ҳақда Марказий банк расмий телеграм каналида маълум қилинди.
Хабарда айтилишича, Қўмита томонидан 2023 йилнинг январь ойи давомида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича банклар, нобанк микромолия ташилотлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан таъсирчан чоралар кўрилган.
Хусусан, тематик ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан, яъни молиявий йўқотишларга қарши захиралар яратилмагани, кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмаганлиги, муаммога айланиши мумкин бўлган кредитларни эрта аниқлаш, вужудга келишиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмаганлиги, кредитлар мониторинги, ахборот тизими ва кредит қарздорликларини ундириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги сабабли Ўзмиллийбанк, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Туронбанк, Қишлоққурилишбанк ва Асакабанк огоҳлантирилган.
Бундан ташқари, иқтисодий санкциялар ва экспортга тақиқлар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган банклар (Капиталбанк, Анорбанк, Равнақ-банк) огоҳлантирилган.
“Cash U mikromoliya tashkiloti” масъулияти чекланган жамиятига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4 ва 6-моддаларига амал қилинмаган ҳолда истеъмолчига хизматлар ҳақида ўз вақтида тўғри ва тушунарли маълумот берилмаганлиги ва истеъмолчиларнинг хизмат ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи бузилганлиги сабабли 30 млн. сўм жарима қўлланилган. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз фаолиятини бошламагани учун “E-services House” масъулияти чекланган жамиятидан тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олингани маълум қилинган.
Тасодифий хабарлар
Халқ банки ўтган йили суғурта фаолиятидан 8,3 млрд. сўм фойда олган
Агробанк ва унинг лойиҳалари Tashkent Advertising Festival'да бир нечта номинация бўйича ғолиб бўлди
Bank Apelsin'нинг Кузатув кенгаши таркиби янгиланди - беш аъзодан тўрттаси Россия фуқароси
TBC Group Payme'нинг 100 фоизлик улушига эга бўлди
Халқ банки Зомин туманидаги ҳолат юзасидан расмий баёнот берди