Январь ойида банк тизимида муаммоли кредитлар салмоғи яна ўса бошлади

Январь ойида банк тизимида муаммоли кредитлар салмоғи яна ўса бошлади

Фото: Қувонч Ғайратов / Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь ойида банк тизими кредит портфели ўтган йил январь ойидан фарқли равишда 1 трлн 60 млрд сўмлик ўсишни қайд этган. Давлат банкларининг жами кредит портфели 561 млрд сўмга камайган бўлса-да, бошқа банкларда кредит портфели 1,6 трлн сўмга ўсган. Банклар кесимида кредит қолдиғи Ўзсаноатқурилишбанк (884 млрд сўм), Агробанк (887 млрд сўм), Капитал банк (776 млрд сўм), Ориент Финанс банк (247 млрд сўм), Инфинбанк (211 млрд сўм), Ипак Йўли банки (198 млрд) сўм ҳамда Давр банк (138 млрд сўм) нисбатан жадал ўсган. Ўзмиллийбанк (-2 трлн сўм), Ипотека банк (-142 млрд сўм), Тенге банк (-186 млрд сўм)ларда кредит портфели нисбатан сезиларли миқдорда камайган.

Кредит портфели таркибидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши январь ойи давомида 0,23 фоизга ўсган. Давлат банкларида ушбу кўрсаткич 0,29 фоиз ўсган бўлса, бошқа банкларда муаммоли кредитлар улуши 0,03 фоизга камайишни қайд этган.

Халқ банкидан бошқа деярли барча йирик давлат банкларида муаммоли кредитлар миқдори ортган. Миқдор жиҳатдан муаммоли кредитларнинг (бошқа банклардан кўра) сезиларли ўсиши Ўзсаноатқурилишбанк (+347 млрд сўм), Ипотека банк (+213 млрд сўм) ҳамда Қишлоқ қурилиш банкда (+109 млрд сўм) кузатилган.

Бошқа (давлат улуши мавжуд бўлмаган) банкларда фақат Трастбанкда (+76 млрд сўм) муаммоли кредитлар миқдори сезиларли ўсган.

×