Сурхондарё вилоятининг иккита туманида жами 11,2 млрд сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани айтилмоқда

Сурхондарё вилоятининг иккита туманида жами 11,2 млрд сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани айтилмоқда

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Термиз туманларида масъулияти чекланган жамият раҳбарлари жами 11,2 млрд сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилган ҳолатлар маълум қилинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг Олтинсой туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “O.B.” МЧЖ раҳбари Р.Ҳ. боғ ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олиш учун тижорат банки филиалидан ажратилган имтиёзли кредит эвазига ҳудудда боғ ташкил этмасдан, ушбу маблағларни бошқа мақсадларда сарфлаб, жами 6,1 млрд сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Шунингдек, Департаментнинг Термиз туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “B-N.” ва "Ch-P." МЧЖлар раҳбари У.Х. ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағлари эвазига қўшни Қозоғистон Республикасидан олиб келинган чорва молларни бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 5,1 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги, шунингдек 102,1 млн сўм қўшимча солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаб келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 181-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) ва 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×