Tenge Bank’нинг активлари бир йил давомида 90 миллион долларга ўсди – Умут Шаяхметова

Tenge Bank’нинг активлари бир йил давомида 90 миллион долларга ўсди – Умут Шаяхметова

Фото: Tenge Bank

Қозоғистон “Halyk Bank”ининг Ўзбекистондаги шўъба банки – “Tenge Bank”нинг активлари 2022 йилда 1 триллион сўмдан кўпроққа, ёки 90 миллион долларга ўсди. Бу ҳақда Қозоғистон банки бошқаруви раиси Умут Шаяхметова 16 феврал куни Самарқандда бўлиб ўтган журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Умут Шаяхметова ўз нутқи давомида Ўзбекистон “Halyk Group” учун асосий бозор ҳисобланишини ва хорижий инвесторлар учун жозибадор эканлигини ҳам таъкидлади.

“Марказий Осиё минтақасида мавжудлигимиз биз учун жуда муҳим, Ўзбекистон эса энг муҳим ва жозибадор бозорлардан биридир. Биз мижозлар базаси, депозитлар ва кредит портфели қандай ўсиб бораётганини кўриб турибмиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик туфайли гуруҳ (“Halyk Group” – таҳр.) мижозлари Қозоғистон ва Ўзбекистонда осон ва қулай операцияларни амалга ошириш имкониятига эга.” – деган У.Шаяхметова.

Фото: Tenge Bank

Умут Шаяхметова шунингдек, банкнинг ривожланиш истиқболларига тўхталар экан, Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаган.

“Менимча, Tenge Bank облигациялар орқали Ўзбекистон ички бозорида эмитент бўлиш имкониятига эга. Эҳтимол, ҳатто IPO’га чиқиш ва инвесторлар учун жозибадор бўлиши ҳам мумкин. Ўз навбатида, “Halyk Bank” инвестиция қилишда ва қўллаб-қувватлашда ҳамда Tenge Bank’ билан ўз тажрибасини баҳам кўришда давом этади”, — дея изоҳ берган “Halyk Bank” раҳбари.

Учрашувда шунингдек, Tenge Bank бошқаруви раиси Талгат Aюпов ҳам нутқ сўзлади ва журналистларнинг саволларига жавоб берди. Т.Аюповнинг маълумот беришича, банк очилганидан буён ўтган 4 йил вақт ичида Tenge Bank активлари 4 триллион 358 миллиард сўмга (388,2 миллион долларга) ўсди, умумий кредит портфели еса 2 триллион 474 миллиард сўмдан (220,4 миллион доллардан) ортиқни ташкил қилди.

“Йил давомида банк активлари 1 триллион сўмдан ортиқ ёки қарийб 90 миллион долларга кўпайди. Бу, асосан, кредит портфелининг 748,7 миллиард сўмдан (66,7 миллион доллар) ортиқ ёки 43 фоизга ўсиши билан боғлиқ. Кредит портфелининг ўсиши айниқса, жисмоний шахслар портфелида 529,7 млрд. сўмга ёки 99 фоизга ўсиб, 1,06 трлн. сўмни ташкил етди. Шу билан бирга, 2022 йилда банкнинг мижозлар олдидаги мажбуриятлари 1,553 триллион сўмни (138,3 миллион доллар) ташкил етди. Бу аҳолидан 793,9 миллиард сўм, юридик шахслардан еса 759 миллиард сўм маблағ жалб этилишининг юқори даражаси билан боғлиқ. Мижозлар олдидаги мажбуриятларнинг умумий ўсиши 213 фоизни ташкил этди”, — деди Т.Аюпов.

Фото: Tenge Bank

Tenge Bank барча тоифадаги корпоратив ва чакана мижозларга молиявий хизматлар кўрсатиб, ўз фаолиятини 2019 йил май ойида бошлаган ва Ўзбекистон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаган. Бу факт халқаро экспертлар томонидан тасдиқланган. Хусусан, 2021 йил март ойида Best Bank Awards 2021: Uzbekistan номинацияси бўйича йиллик танлов натижаларига кўра, Asiamoney халқаро молиявий нашри экспертлари Tenge Bank’ни “Ўзбекистоннинг энг яхши хорижий банки 2021” номинациясида ғолиб деб тан топди ва 2022 йил июл ойида – “Энг яхши инвестиция банки: Ўзбекистон 2022” ва “Ўзбекистоннинг энг яхши халқаро банки - 2022” номинациялари ғолиби сифатида эътироф этилди.

Банк томонидан замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, жараён ва хизматларни автоматлаштириш, масофавий савдо каналларини ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. Мазкур йўналишларда бир қатор янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда, уларнинг амалга оширилиши тез орада ҳар бир мижоз учун хизмат кўрсатиш қулайлиги, самарадорлиги ва ишончлилигини оширади. 2022 йилда Tenge Bank’ жисмоний шахслар учун “Tenge24” мобил иловасини ишга туширди. Ҳозиргача иловани юклаб олишлар сони 300 000 дан ошди. Фойдаланувчилар рақамли хизматларнинг барча турларидан, жумладан, пул ўтказмалари, тўловлар, омонат очиш, кредитларни тўлаш ва бошқа кўп имкониятлардан фойдаланишлари мумкин. Келгусида иловани янги хизматлар, жумладан, бўлиб-бўлиб тўлаш, бозор ва давлат хизматлари билан тўлдириш режалаштирилган.

Фото: Tenge Bank

Шунингдек, 2022 йил давомида “Tenge Business” юридик шахслар учун Интернет-банкингнинг янгиланган веб-версияси ишга туширилди, унинг функционаллиги банк хизматларининг кенг доирасини қамраб олади ва ҳозир ҳам кенгайишда давом этмоқда.

2022 йил июн ойида Tenge Bank 10% бозор улуши билан бирламчи бозорда автокредитлаш сегментида хусусий банклар орасида Ўзбекистонда 1-ўринга чиқди.

Банк филиалларининг жисмоний тармоғи бугунги кунда 17 та Банк хизматлари марказларидан иборат бўлиб, Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида жойлашган. 

Маълумот учун: Halyk Bank Қозоғистондаги энг йирик тизимли банк бўлиб, Halyk Group таркибига киради ва кенг мижозлар базаси ва мавжуд тармоққа эга Марказий Осиёдаги етакчи банк ҳисобланади. Halyk Group чакана ва корпоратив мижозларга, кичик ва ўрта бизнесга банк хизматларининг тўлиқ спектрини, шунингдек суғурта, лизинг, брокерлик ва активларни бошқариш хизматларини таклиф этади. Гуруҳ Грузия, Қирғизистон ва Ўзбекистонда фаолият юритади.

Tenge Bank замонавий банк технологияларидан фойдаланган ҳолда барча тоифадаги корпоратив ва чакана мижозларга молиявий хизматлар кўрсатадиган универсал банкдир. Банк Қозоғистон “Halyk Bank” AЖнинг 100% шўъба корхонаси ҳисобланади.

×