Самарқандда банкоматни ичида 720 млн. сўми билан ўғирлаб кетганлар қўлга олинди

Самарқандда банкоматни ичида 720 млн. сўми билан ўғирлаб кетганлар қўлга олинди

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида Асакабанкка тегишли банкомат жорий йилнинг 25 январь куни ичидаги пуллари билан ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Хабарда айтилишича, 2023 йил 25 январь куни фуқаро Э.Т. "102" қисқа рақамга қўнғироқ қилиб, Каттақўрғон тумани "А.Навоий" МФЙ, "А.Навоий" кўчасида ўрнатилган банкомат шахобчасидан номаълум шахслар томонидан бир дона банкомат қурилмаси ичида бўлган 720 миллион сўм миқдордаги пуллари билан ўғирлаб кетилганлигини билдирган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида Каттақўрғон туман "Таварон" маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ жойдан ўғирланган банкомат аппарати бўлакларга бўлинган ҳолда топилган. Ушбу жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни қидириб топиш бўйича олиб борилган суриштирувлар давомида мазкур жиноятни 1995 йил туғилган Б.А., 1998 йил туғилган О.З., 1994 йил туғилган Б.Н. ва 1994 йил туғилган Х.О.лар содир этганлиги аниқланган.

Ҳозирда ушбу шахслар қўлга олиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

×