Фото: Bankers.uz
Марказий банк 2022 йил учун "Нақд пул муомаласи шарҳи"ни тақдим қилди. Унга кўра, 2022 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 700,3 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 38,1 фоизга ошган. Жумладан, банк кассаларига нақд пул тушумлари 343,9 трлн. сўмни, ўз навбатида, чиқим қилинган нақд пуллар 356,4 трлн. сўмни ташкил этган.
1-расм: Нақд пул тушумлари ҳажми ва таркиби динамикаси (трлн.сўмда)
Фото: Марказий банк
2022 йилда банк кассаларига жами нақд пул тушумлари 2021 йилга нисбатан 36,6 фоизга ошган бўлса, савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар 28,5 фоизга (36,1 трлн.сўм) ва банк хизматларидан нақд пул тушумлари 60,4 фоизга (43,3 трлн.сўм) ошган. Жами тушумлар таркибида савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар улуши 3,0 фоиз бандга камайган.
2022 йилда савдо ва хизматлар соҳасидан жами тушумлар 259,0 трлн. сўмни ташкил қилиб, шундан, 62,8 фоизи (162,7 трлн.сўм) нақд шаклда, 37,2 фоизи (96,3 трлн.сўм) терминаллар орқали банк ҳисобрақамларига кирим қилинган (2021 йилда 64,6 фоизи нақд шаклда, 35,4 фоизи терминаллар орқали банк ҳисобрақамларига кирим қилинган эди).
2-расм: Савдо ва хизматлар соҳасидан пул тушумлари таркиби ва динамикаси (трлн.сўмда)
Фото: Марказий банк
2022 йилда банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2021 йилга нисбатан 39,5 фоизга (100,9 трлн.сўм) кўпайди.
Мазкур ҳолат банк карталаридан нақд пул ечиш миқдорининг 54,4 трлн. сўмга (2021 йилга нисбатан ўсиш – 57,2%), банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш ҳажмларининг 18,1 трлн. сўмга (ўсиш – 28,3%) ошиши асосий омил бўлган.
3-расм: Банклардан нақд пулдаги чиқимлар ҳажми ва уларнинг мақсадлари бўйича таркибий динамикаси (трлн.сўмда)
Фото: Марказий банк
Шунингдек, 2022 йилда банк карталарига кирим қилинган маблағлар 2021 йилга нисбатан 1,8 баробарга (253,9 трлн.сўмга) ошиб, 553,6 трлн. сўмни ташкил қилди. Жумладан, 178,2 трлн.сўми – пенсия, нафақа ва иш хақи тўловлари, 182,3 трлн.сўми – картадан картага ўтказмалар (шу жумладан, халқаро пул ўтказмалар орқали), 112,5 трлн.сўми – нақд пулда ва омонат ҳисобварақлардан банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу даврда банк карталаридаги 149,5 трлн. сўмлик маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган бўлиб, бу карталарга келиб тушган маблағларнинг 27,0 фоизини ташкил этди.
4-расм: Банк карталарига келиб тушган маблағлар ва уларни нақдлаштириш ҳажмлари динамикаси (трлн.сўмда)
Фото: Марказий банк
Банкларга тушган нақд пулларнинг уларга бўлган талаб ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминлаб борилди. Хусусан, Марказий банк томонидан 2022 йил давомида қўшимча 16,2 трлн. сўм нақд пуллар муомалага чиқарилди. Ушбу нақд пулларнинг 15,7 трлн. сўми нақд пулга бўлган талаб кескин ошган давр – апрель-июль ойларига тўғри келади.
5-расм: Муомаладаги нақд пулларнинг пул массасидаги улуши динамикаси
Фото: Марказий банк
Муомаладаги нақд пулларнинг номинал қиймати бўйича таркиби
Муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони камайди.
Жумладан, 2022 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 34,8 фоиздан 41,6 фоизга, 20 000 сўмликнинг улуши – 2,1 фоиздан 2,3 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши – 34,2 фоиздан 27,5 фоизга, 10 000 сўмлик улуши – 14,5 фоиздан 9,4 фоизга, 5 000 сўмлик – 12,7 фоиздан 6,5 фоизга, 1 000 сўмгача – 1,4 фоиздан 0,9 фоизга тушди.
Маълумки, 2022 йил июль ойида номинал қиймати 200 000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилди ва йил якунига келиб уларнинг нақд пуллар таркибидаги салмоғи 11,6 фоизни ташкил қилди.
6-расм: Муомалага чиқарилган банкнотларнинг номинал қийматлари бўйича улуши
(2022 йил 1 январь ва 2023 йил 1 январь ҳолатига)
Фото: Марказий банк
Йирик номиналдаги банкнотлар ҳажмининг кўпайиши натижасида, муомалага чиқарилган банкнотлар сони 20,9 млн. донага камайган.Шу билан бирга, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар соҳасидаги ҳисоб-китобларда қайтим пуллари (майда пуллар) сифатида фойдаланиш учун 2022 йил давомида қўшимча 24,5 млрд. сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилиб, уларнинг жами муомаладаги нақд пуллар таркибидаги миқдорий салмоғи 0,05 фоизни ташкил этган. Мазкур йўналишдаги ишларнинг давоми сифатида 2022 йил 26 декабрдан 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари муомалага чиқарилган.
Тасодифий хабарлар
Туронбанкда ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди
Банклардаги вакансиялар. 200 дан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд
Шавкат Мирзиёев хорижий банклардаги афғон активларини блокдан чиқаришни таклиф қилди