2022 йилда эмиссия қилинган банк карталари сони 7 миллионга кўпайди

2022 йилда эмиссия қилинган банк карталари сони 7 миллионга кўпайди

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йил 1 январь ҳолатида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-декабрь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

2022 йил давомида муомалага чиқарилган пластик карталар сони 7,09 млн. донага кўпайиб, уларнинг жами сони 34 млн. 196 минг донага етди.

Карталар сонининг миқдорий жадал ўсиши Халқ банки (1,31 млн. дона), ANORBANK (1,03 млн. дона), Ипак Йўли банки (626,2 минг дона), Агробанк (549,1 минг дона) ва TBC Bank (528,0 минг дона) ларда кузатилган. Ўтган йилдан фарқли равишда бу йил барча банкларда муомалага чиқарилган карталар сонида ўсиш кузатилган.

Муомаладаги карталар сони бўйича Халқ банки (6,96 млн. дона), Агробанк (3,93 млн. дона) ва Ипотека-банк (3,13 млн. дона) етакчилик қилмоқда. Миллиондан ортиқ карталар эмиссия қилган банклар сони 11 тага етиб, ANORBANK ҳам ушбу "миллион" клубига қўшилган. Рақамли банк жами муомаладаги карталари сони бўйича Асакабанк, Микрокредитбанк, Капиталбанк, Туронбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Инфинбанк, Ориент Финанс банк каби банк секторининг йирик ўйинчиларини ортда қолдирган.

2022 йил давомида ўрнатилган тўлов терминаллари сони 634 тага кўпайган. Ўрнатилган тўлов терминаллари сони 19 та банкда кўпайган. Энг кўп ўсиш MKBANK (5,2 минг дона), Алоқабанк (1,4 минг дона), Универсалбанк (1,1 минг дона) ларда кузатилган. 13 та банкнинг тўлов терминаллари сони камайган. Энг кўп пасайиш Халқ банки (-2,64 минг дона), Агробанк (-2,58 минг дона), Гарантбанк (-1,20 минг дона) кузатилган.

Марказий банк 2022 йилнинг май ойидан бошлаб ўз балансидаги (УзИнкассация Бирлашмаси ДУК), июнь ойидан бошлаб тўлов ташкилотлари балансидаги банкомат ва инфокиосклар статистикасини бера бошлади. Шу сабабли 2022 йил давомида банкомат ва инфокиосклар сонида ўсиш 7,4 минг донани ташкил қилди. Тижорат банклари орасида энг кўп ўсиш Халқ банки (899 та), MKBANK (303 та), Агробанк (238 та), Ўзмиллийбанк (113 та) ва Қишлоқ қурилиш банк (100 та) кузатилган. Жами 17 та тижорат банки томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўсиш қайд этилган. Яна 7 та банкда ушбу кўрсаткич ўзгармаган бўлса, қолган 9 та банкда банкомат ва инфокиосклар сонида камайиш кузатилган. Энг кўп пасайиш Капиталбанк (-1 177 та), Hamkorbank (-74 та), Асакабанк (-49 та) ОФБ (-41 та) ва Ипотека-банк, Туронбанк (ҳар бирида -38 тадан) қайд этилган.

2023 йил 1 январь ҳолатида энг кўп банкомат ва инфокиосклар Халқ банки (2 269 дона), Агробанк (2 142 дона) ва Капиталбанк (2 096 дона) ларга тегишли. Ушбу кўрсаткич бўйича ўтган йилги етакчи Капиталбанкнинг банкоматлар ва инфокиосклар сегментидаги улуши ўтган йилги 25 фоиздан бу йил 10 фоизга пасайган.

2022 йилда 1 та терминал орқали ойига 34 млн. сўм атрофида тушум тушган. 2021 йилда 1 та терминал орқали ойига 21 млн. сўм атрофида тушум тушган эди.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳақида батафсил маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

*2023 йил 1 январь ҳолатидаги статистикада кузда лицензия чақириб олинган Туркистонбанк ва Hi-Tech Bank'ларнинг кўрсаткичлари 0 қилиб кўрсатилган.

×