"Smart Bank" АЖ муассиси кимлиги расман маълум бўлди

"Smart Bank" АЖ муассиси кимлиги расман маълум бўлди

Иллюстратив фото: Авазбек Топилов / Bankers.uz

2022 йил декабрь ойининг охирида Марказий банк томонидан банк фаолиятини амалга оширувчи лицензия берилган "Smart Bank" акциядорлик жамиятининг бевосита ва билвосита муассислари кимлиги маълум бўлди. Марказий банк маълумотига кўра, банкнинг солиқ тўловчи идентификация рақами (СТИР) 310123822 бўлиб, юридик манзили - 100011, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Олмазор кўчаси, 2А-уйда жойлашган.

Давлат Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, банкнинг ягона акциядори - "Leader Finance" МЧЖ ҳисобланади. Банк раҳбари сифатида "Агробанк" АТБ бошқаруви раиси ўринбосари лавозимидаги Тўраев Азамат Шуҳратович кўрсатилган.

Скриншот: stat.uz

Orginfo.uz портали маълумотларига кўра, "Leader Finance" МЧЖнинг устав капитали 100 млрд. сўмни ташкил қилиб, унинг ягона таъсисчиси "Агробанк" акциядорлик тижорат банки ҳисобланади. МЧЖ шунингдек, "TOSHKENT INDEX ETF" АЖнинг ягона акциядори, "Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети" (UDEA) нинг 51 фоиз улушдори эканлигини кўриш мумкин.

"Smart Bank" АЖнинг билвосита эгаси "Агробанк" акциядорлик тижорат банки Ўзбекистоннинг энг йирик банкларидан бири бўлиб, 2023 йил 1 январь ҳолатига республика тижорат банклари орасида жами активлари (53,1 трлн. сўм) бўйича 3-ўринда, кредит қўйилмалари (43,8 трлн. сўм) бўйича 3-ўрин, устав капитали (8,6 трлн. сўм) бўйича 2-ўринда туради.

×