Ғарб санкциялари остига тушгандан кейин бир қатор рус банкларининг мобил иловалари Google Play Market ва App Store дўконларидан олиб ташланди. Мобил иловалар орқали чакана мижозларга хизмат кўрсатиш мақсадида рус банклари бир қатор ечимлар таклиф қилмоқда.
Шундай таклифлардан бири ВТБ томонидан таклиф қилинди. Банк мобил илова имкониятларини Телеграм ботга кўчирмоқда. Бот фаолияти бир неча босқичда такомиллаштириб борилади.
Дастлаб, хизмат мижозлар орасида энг кўп талаб қилинадиган молиявий хизматларнинг ярмини қамраб олади: ВТБ карталар ва ҳисоблар балансини кўриб, Тезкор тўловлар тизими (Система быстрых платежей - СБП) орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш, мобил телефон ҳисобини тўлдириш мумкин. Кейинги босқичда эса QR код билан тўлаш ва QR код яратиш, транзакциялар тарихи, ҳисоблар орасида ўтказмалар, мультитўлов (бир нечта ҳисобга бир вақтнинг ўзида тўлов қилиш имконияти), бошқа банк картасидан ВТБ картага пул ўтказиш me2me ўтказмаларни бот орқали амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Банк 2023 йил охирига қадар барча кундалик банк хизматларини Телеграмда амалга ошириш йўлга қўйилишини, шунингдек бир қатор рақамли маҳсулотлар пайдо бўлишини таъкидламоқда.
ВТБ Бошқаруви аъзоси Святослав Островский ушбу бот iOS тизимидан фойданувчи мижозлар учун мобил илова ўрнини босишига умид қилмоқда. Android қурилмалардан фарқли равишда iOS тизимида App Store'дан бошқа манбалардан иловаларни юклаб олиш мураккаб ва оддий фойдаланувчи учун деярли имконсиз.
Банк президенти ўринбосари - бошқарув раиси Вадим Куликнинг сўзларига кўра, таклиф қилинган ечим мижозлар маълумотларини Телеграм серверларига ўтказишни назарда тутмайди. Транзакцияларни ҳимоя қилиш учун 5 факлорли ҳимоя жорий этилган.
ВТБнинг Телеграм бот орқали банк хизматларини кўрсатиш режаларини 2022 йилнинг июнида маълум қилинганди. Банкнинг "ВТБ Онлайн" иловаси ўтган йилнинг мартида App Store'дан олиб ташланди. Google ҳам Play Market'дан иловани ўчирди, лекин Android фойдаланувчилари бошқа манбалар, хусусан банк расмий сайти орқали тўғридан тўғри юклаб олиш имкониятини сақлаб қолди.
Тасодифий хабарлар
Тижорат банклари пойтахтдаги 100 та маҳаллада кутубхона очади — рўйхат
Февраль ойида пул массаси 2,4 трлн. сўмга камайди
Гарант банк “Банк ребрендинги, миссияси ва ўзгаришлар босқичлари” мавзусида тренинг ўтказди