Қирғизистон ҳукумати мамлакатдан хорижий валюта олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ қўйди. Қарор молиявий-иқтисодий хавфсизликни, ички валюта бозорида барқарорликни таъминлаш ҳамда мамлакат миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Қирғиз ҳукумати қарорига биноан, мамлакат фуқаролари ва резидентлари учун 10 минг доллардан кўпроқ нақд валютани, хорижий фуқаролар ва норезидентлар учун 5 минг доллардан кўпроқ нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетишга вақтинчалик чеклов ўрнатилди.
"Қирғизистон резидентлари ва фуқаролари 10 минг доллардан ортиқ нақд АҚШ долларини хорижга олиб чиқиб кетаётган тақдирда, белгиланган лимитдан ошиб кетган сумманинг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизмати ва божхона хизматларига АҚШ долларининг нақд пулда олиб чиқиб кетилишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриш топширилди", - дейилади хабарда.
Қирғизистон Миллий банки (мамлакат банк тизими регулятори — таҳр.) ҳозирда мамлакатда нақд хорижий валюта тақчиллиги кузатилмаётганини таъкидлади.
Маҳаллий Kloop нашрига кўра, қирғизистонликлар деярли бутун 2022 йил давомида, аниқроғи Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан кўплаб давлатлар Россияга қарши санкциялар жорий қилган пайтдан бошлаб, нақд доллар тақчиллигини ҳис қилган.
Қирғизистондан нақд валюта олиб чиқилиши бўйича чекловлар Ўзбекистонда миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши фонида юз бермоқда. 17 январдан белгиланган Ўзбекистон Марказий банкининг расмий курси 11 342,14 сўм 2022 йилнинг апрель ойидан бери кузатилган энг юқори максимум саналади. Бунинг ортидан бугун, 17 январь куни тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси 11 400 сўмга кўтарилди. Ҳозирда Ўзбекистондаги қайсидир банкда нақд доллар тақчиллиги кузатилаётгани тўғрисида хабарлар мавжуд эмас.
Тасодифий хабарлар
Фарғонада банкоматни тунамоқчи бўлган шахс қўлга олинди
26 декабрдан 1000 сўмлик танга пуллар муомаларга чиқарилади
InFinBANK ўзининг 15 йиллиги муносабати билан янги корпоратив мижозлар учун акция ташкил этди