logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Сардор Умрзоқов: «Валютадаги кредитларни фақат экспорт қилувчи тадбиркорларга беришимиз керак»

Сардор Умрзоқов: «Валютадаги кредитларни фақат экспорт қилувчи тадбиркорларга беришимиз керак»

Сардор Умрзоқов: «Валютадаги кредитларни фақат экспорт қилувчи тадбиркорларга беришимиз керак»

photo_2021-08-02_21-10-24

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистондаги аксарият тадбиркорларнинг молиявий саводхонлиги етарли даражада эмас. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов 30 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида сўз юритди, дея хабар бермоқда Daryo.uz нашри.

«Валютадаги кредитларни биз фақат битта тоифага — экспорт қилувчиларга беришимиз керак. Нимага? Уларда валютада тушум бор ва олган кредитини валютада ёпа олади. Агар тадбиркор ўз маҳсулотини экспорт қилмасдан, фақат мамлакат ичкарисига соца, айланма даромадини сўмда олса, унда сўмни валютага айлантираётган пайтда қийналиб қолади. Чунки курс ҳар доим ўзгариб боради. Бу гапларни ҳурматли Президентимизнинг ўзлари ҳам айтган.

2017 йилда ўша пайтдан олдин банкдан валютада кредит олган тадбиркорларимиз кредит шартномасига имзо қўяётганда, валюта курси ўзгариши хатарини улар ўз бўйнига олган, рози бўлган.

Тадбиркорларимизнинг молиявий саводхонлиги етарли бўлмаяпти ва бўлмаган ҳам. Аммо шунга қарамай, уларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Буни олдин ўзларига ҳам айтганман. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш — давлат сиёсати. Сўнгги 4,5-5 йил давомида, айниқса, ўтган йили пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб қарорлар, фармонлар қабул қилинди, имтиёзлар берилди ва ҳоказо...», — деди ҳукумат вакили.

Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, пандемия туфайли жаҳон иқтисодиётида жуда кўп ўзгаришлар кузатилиши мумкин.

«Тадбиркорларимиз бундан буёғига валютада кредит олаётганида, чуқур таҳлил қилиб, фақат даромад бўлсагина олиши керак. Чунки ҳали жаҳон иқтисодиётида пандемия тугамади. Постковид дунёси қандай бўлади, рақобат авжига чиққанида нима бўлади, асосий хом ашё маҳсулотларининг нарх-навоси, логистика харажатларининг қиймати нима бўлади. Шулардан келиб чиқиб, ҳали жаҳон иқтисодиётида жуда кўп ўзгаришлар бўлиб кетиши мумкин.

Биз 4,5 йил давомида иқтисодиётимизни жаҳон иқтисодиётига очдик. Юқорида айтилган жараёнлар таъсирида қолишга қайсидир маънода мажбурмиз. Бизда валюта, курс нуқтаи назаридан қандай ўзгаришлар бўлишини ҳеч ким билмайди.

Шуларни инобатга олиб, тадбиркорларни шу хатарлардан суғурта қилиш, яъни уларни эртага муаммо яратиши мумкин бўлган қобилиятини камайтириш бугун биринчи навбатда, тадбиркорларнинг ўзини вазифаси. Шу билан бирга, сиз оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бизнинг ҳам вазифамиз. Сизлар жараёнлар ҳақида тадбиркорлар ва халқимизга етказсаларингиз, биз ҳукумат вакиллари сифатида ҳурматли Президентимизнинг топшириқларига асосан, шароит яратиб беришимиз лозим», — деди инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов.

 

Теги kredit Sardor Umrzoqov
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй