2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилди. Бу ҳақида "Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди.
Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, коронавирус пандемияси даврида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг даромадларини изчил ошириб бориш мақсадида:
2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 440 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 440 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақаларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Фармонга мувофиқ, иш берувчиларга иш ҳақи миқдорларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилади.