logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувдаги нутқида янграган банклар ва кредитлашга доир асосий лаҳзалар

Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувдаги нутқида янграган банклар ва кредитлашга доир асосий лаҳзалар

Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувдаги нутқида янграган банклар ва кредитлашга доир асосий лаҳзалар

Хабарингиз бор, бугун давлат раҳбари Ш.Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди. Мазкур тадбирда Президент томонидан банклар ва кредитлаш соҳасига доир бир қанча фикрлар билдирилди. Bankers.uz расмий манбаларга таяниб, ушбу фикрларни бир жойга жамлаган ҳолда эълон қилмоқда.

photo_2021-08-20_10-53-51

Фото: times.uz

Мурожаатларнинг 40 фоизи, бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ.

Мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган.

Масалан, Ургутда электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган “Сам Электро Сервис” корхонаси, икки ярим миллиард сўм кредитни 3 йил муддатга олгани, корхона фойда билан ишлаши учун эса, унга камида 5 йил муддат кераклигини таъкидлаган. Ҳақиқатдан ҳам тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди.

Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8-10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит, валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда. Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаа́тлар келиб тушгани ҳам, ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш учун, оғир юк бўлиб турганини кўрсатмоқда. Шу боис, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича, кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади. 

Банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади."- деган Президент.

Давлат раҳбари қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим қилса, ўшанга ушбу маблағлар ажратилишини таъкидлаган.
 

Кредитлар миллий валюта "сўм"да берилади. Доллар ва евро курсининг ошиши тадбиркорга муаммо туғдирмайди

"Банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади. Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга, йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз.

Банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – “сўм”да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади. Валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар.

Шу боис, Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. Ушбу компания, банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўг‌ириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади. 

Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши, тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди."- деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Миллий валютадаги кредитлар  камида 5 фоиз арзонлашади 

Давлат раҳбари Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан, банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинишини маълум қилган. 

Шунингдек, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади. Тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланиши айтилган. 

- Тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан, камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўлади,  - деган давлат раҳбари.

Ҳамма арзон кредит хоҳлайди, лекин...

Давлат раҳбари арзон ва сунъий пасайтирилган кредитлар пул бозоридаги мувозанат бузилишини яхши тушунишини айтган. Иқтисодиётга арзон кредит берамиз деб, макроиқтисодий барқарорликни унутиб қўймаслигимиз лозим, деган президент. 

-Барқарорлик бўлмаса, иқтисодий ўсиш бўйича кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз. Бу борада, фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни ва яна такрор айтаман инфляцияни қоғозда эмас, амалда (бир пайтлар инфляцияни қоғозда ёзардик) пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишларни давом эттирамиз. Замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун ҳудудларда банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилмоқда. Ушбу марказлар тадбиркорларга бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади. 

Шавкат Мирзиёев инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилингани, бу эса кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини бериши ҳақида сўзлаган. 

Президент банклар ҳақида гапирар экан, "Банк биноси чиройли бўлиши мумкин, менга бу керакмас. Банк ичидаги одам порахўр бўлмаслиги керак, ислоҳотчи, ватанпарвар, ҳалол бўлиши керак!" - деб таъкидлаган.

Теги prezident yigilish kredit stavkalari
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй