logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистонда киберфирибгарлик янада кўпаймоқда. Алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор қаратиш керак

Ўзбекистонда киберфирибгарлик янада кўпаймоқда. Алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор қаратиш керак

Ўзбекистонда киберфирибгарлик янада кўпаймоқда. Алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор қаратиш керак

IMG_20200626_150432_461

Сўнгги йилларда банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан таклиф қилинаётган хизматлар, маҳсулотлар хилма-хиллиги ва қулайлиги туфайли мамлакатимизда нақд пулдан кўра нақдсиз пулга бўлган талаб ва ундан фойдаланиш ҳажми ошиб бормоқда. 

Тошкент шаҳри ёки вилоятлар маркази, балки туманлар ва қишлоқларда ҳам одамлар "пластик" дан фойдаланиш ва у орқали савдо қилишни афзал билмоқда. 

Нақдсиз тўловлар ҳажми ошиб бориши билан, унинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи кун тартибига чиқяпти. Авваллари нақд пулни чўнтакдан, ҳамёндан ўғрилаётганлар, ҳозир банк карталардан, электрон ҳамёнлардан "ухлатишяпти". Қуйида шу кунларда энг кенг тарқалган киберфирибгарлик турларини келтириб ўтамиз.

1. OLX орқали фирибгарлик

OLX Ўзбекистондаги энг йирик электрон бозор. У ерда бирламчи ва иккиламчи фойдаланиладиган товарларни сотиш мумкин. OLX орқали олди-сотдилар кўп бўлишини ҳисобга оладиган фирибгарлар, албатта ундан фойдаланишни исташади. Ҳозирда OLX'даги энг кенг тарқалган фирибгарлик схемаси қуйидагича ишлайди: Фирибгар сиз сотмоқчи бўлган буюмни олишини билдиради. Суҳбат одатда Телеграмдаги ёзишмалар орқали бўлади. Фирибгар учун сотилаётган буюмнинг қизиғи йўқ. У буюмнинг ҳолати ҳақида, нархи ҳақида деярли қизиқмайди. У фақатгина, сотувчининг қайси шаҳарда эканлигини сўрайди ва ўзининг бошқа шаҳарда эканлигини айтади (масалан сотувчи Қарши шаҳрида, фирибгар Навоийда эканлигини айтади). OLX'га қўйилган буюмни сотиб олишини, фақат буюм Яндекс.курьер ёки БТС почта орқали олишини айтади ва Телеграм орқали сотувчига ҳавола жўнатади (расмдаги каби). Ҳаволада Yandex.uz ёки bts.uz каби одамни чалғитувчи сўзлар, жумлалар бўлади. Сотувчи ҳаволага киради ва у ердаги пунктларни тўлдириш асносида банк пластик картасининг уникал рақами (16 талик рақам), амал қилиш муддати, энг қизиғи, ушбу пластик карта уланган телефон рақамга келган СМС-кодни ҳам киритади. Қарабсизки, битта содда одамнинг банк маълумотлари тўлалигича фирибгарларнинг қўлига ўтади, яъни фирибгар ҳалиги одамнинг чўнтагига исталган пайт қўлини тиқиши ва ундаги пулларни, агар истаса, келажакда келиши мумкин бўлган пулларини (кўпчиликда пластик карта ойлик тушадиган карта бўлади) ҳам олиш имкониятига эга бўлади. Шунга ўхшаш ҳолатга блогер Шаҳноза Соатова ҳам дуч келибди. Шаҳноза опа эса фирибгарларга ишонмаган. 

photo_2021-07-24_12-37-54

Фото: t.me/shahnozxon

Фирибгарлик белгилари:

1) фирибгар Телеграмда русча исмлардан фойдаланган ҳолда рус тилида ёзади;

2) фирибгар савдолашмайди, сотилаётган буюмнинг техник параметрларига деярли қизиқмайди;

3) почта хизмати орқали товарни қабул қилишини айтади ва яндекс.курер ёки БТС почта учун сўровнома қолдирганини ва ўзи юборган ҳаволага кириб уни тўлдиришни сўрайди;

4) ҳаволанинг якуний манзили (яъни миллий домени) .xyz, .abc, .getclick каби шубҳали доменлар бўлади ва ушбу доменларнинг на Яндексга, на БТС почтага, на Фаргога алоқаси йўқ. 

Эслаб қолинг! Банк картасига Click, Payme каби тўлов иловаларидан пул ўтказганда (P2P ўтказма) ҳеч қачон картанинг амал қилиш муддати ёки телефонга келган СМС-кодни киритиш керак бўлмайди. Агар ушбу маълумотлар киритиш сўралаётган бўлса, катта эҳтимол билан фирибгарлик қурбони бўляпсиз!

2. Телеграм орқали фирибгарлик 

Киберфирибгарликларнинг аксарияти ёки Телеграм орқали амалга оширилади, ёки жарёнда Телеграм иштирок этади. Чунки Телеграм Ўзбекистондаги энг оммалашган ижтимоий тармоқ. Телеграмда айрим олди қочди канал, гуруҳларда тез-тез қуйидагича жумлаларга дуч келишингиз мумкин: "Гуруҳга фалон сондаги дўстларингизни таклиф қилинг ёки қўшинг, сизга фалон сумма (масалан 100 минг сўм) миқдорида пул берамиз". Соддагина Телеграм фойдаланувчиси айтилган миқдорда обуначи қўшади ва Телеграм гуруҳ маъмури у билан алоқага киришади. Маъмур (катта эҳтимол билан бу унинг навбатдаги ўлжаси, биринчиси эмас) етарлича обуначи қўшган фойдаланувчидан, унга пул ўтказиши учун, банк картаси рақамини ва картанинг амал қилиш муддатини сўрайди. Ушбу маълумотларни олган фирибгар, "ҳозир телефонга келган СМС-кодни айтиб юбориш" ни сўрайди. СМС-код айтилди, тамом, фирибгар содда фойдаланувчининг банк картасига виртуал тарзда "эгалик қилади". 

Бу каби фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун нима қилиш керак?

Пластик картанинг амал қилиш муддати, CVV-код (агар карта VISA ёки Mastercard бўлса) ни ҳеч кимга, ҳеч қачон айтманг, берманг, юборманг.

Пластик карта СМС-хабарномага уланган сим картага келадиган смсни ҳеч қачон ҳеч кимга айтманг. Ўша смснинг ўзида ҳам "Тасдиқлаш коди: 84666. ҲЕЧ КИМГА КОДНИ БЕРМАНГ! Буни фақат фирибгарлар сўрайди" деб ёзиб қўйилган. Бу ўринда кодни бермаслик деганда, уни фақатгина кимгадир айтмаслик эмас, уни бировга СМС, Телеграм орқали жўнатмаслик, ҳар хил сайтларга киритмаслик назарда тутилган.

Apelsin-firibgar

Фото: Скриншот / Bankers.uz

Фирибгарлик қурбонига айлангач, нима қилиш керак?

Шунча таъкидлашга қарамай, сиз киберфирибгарлик қурбонига айландингиз. Фирибгарларда банк карта маълумотларингиз мавжуд бўлса, 

  1. Картадаги бор маблағни бошқа картага ўтказиб олинг ёки уни энг яқин банкоматдан нақдлаштириб олинг. 
  2. Картани банкларнинг мобил иловаси орқали ёки ўша карта тегишли банкнинг колл-марказидаги операторга қўнғироқ қилиш орқали блокланг. 
  3. Банкка мурожаат қилиб, пластик картани қайтадан чиқариш учун буюртма беринг. 
  4. Ички ишлар органларига ариза билан ёзма мурожаат қилиб, фирибгарлик қурбонига айланганингизни билдиринг ва ёрдам кўрсатишларини сўранг. Сиз ўз айбингиз билан пулингизни ўғрилатиб қўйган бўлсангиз ҳам, Ички ишлар органи ходими сизга ёрдам кўрсатишга масъул ва бу унинг тўғридан-тўғри вазифасига киради. 

Унутманг, пластик картадаги пул ҳам пул. Уни хавфсиз сақлаш, аввало сизга боғлиқ!

Мирзаолим Дилшодов

Теги kiberfiribgarlik
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй